«Ҳар бир банк исломий банк дарчасини очиши керак» — халқаро эксперт

Bugun 12:553 daqiqa

Саудия Арабистони, Покистон ва Малайзия ислом молияси тизими энг ривожланган давлатлар ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам ушбу тизимни жорий этиш фаоллашмоқда: жумладан, 2026-йилда камида битта тижорат банкида «исломий банк дарчаси» очилиши, 10 дан ортиқ банклар ушбу хизматларга тайёргарлик кўриши режалаштирилган.

«Ҳар бир банк исломий банк дарчасини очиши керак» — халқаро эксперт © https://hmetro.com.my

27-март куни Ўзбекистонда исломий банк тизимини жорий этиш бўйича қонун қабул қилинди. Президент мазкур ҳужжатни имзолаб, исломий банк фаолиятини жорий этишга йўналтирилган ислоҳотларга старт берди.

Қонун қабул қилинганидан кейин хорижий тажриба асосида «Al-Muamalat Consulting» ташкилоти ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган биринчи амалий малака ошириш тадбирида исломий банкчилик ва такафул соҳасидаги таниқли халқаро Шариат эскперти Муҳаммад Иброҳим Эсса иштирок этди.

У киши Фатво маркази ходимлари, банк вакиллари ҳамда Ўзбекистон Марказий банкидан келган мутахассисларга исломий банкларда исломий молия тизими, унинг вазифа ва масъулиятлари ҳақида амалий билим ва тушунчалар берди.

«Бугунги кунда Саудия Арабистони, Покистон ва Малайзия ислом молияси тизими энг ривожланган давлатлар ҳисобланади. Бу уч мамлакат исломий банк иши соҳасида жуда илгарилаб кетган. Ва ишончим комилки, бу уч давлатнинг тизими бу ерга жуда тез кириб келади, чунки бу борада хабардорлик бор, одамларда эҳтиёж бор ва исломий банк тизимида фойда бор. Ишонаманки, ҳукумат кўмаги билан бу ишлайди ва битта таклифим шуки, ҳар бир банк «исломий банк дарчаси»ни очиши керак. Шунда ушбу тизим жуда тез ривожланади», дейди Муҳаммад Иброҳим Эсса.

Мазкур тадбирнинг аҳамияти шундаки, унда банклар учун долзарб бўлган муҳим мавзу  исломий молия кенгашининг қандай ишлаши, унинг институционал ўрни ва амалий фаолият тартиби кенг ёритиб берилди.

«Исломий молия кенгашининг фаолияти икки турга бўлинади. Биринчиси: маслаҳат бериш. Улар маслаҳат беришади, ҳужжатларни тасдиқлашади, улар тасдиқловчи органдир. Иккинчиси — назорат роли. Улар текширишади, кузатиб боришади, банк Ислом тамойилларига мувофиқ ишлаяптими ёки йўқми, шуни назорат қилишади. Демак, бу икки вазифани исломий молия кенгаши бажаради», деб қўшимча қилади ислом молияси бўйича халқаро эксперт Муҳаммад Иброҳим Эсса.

Ҳужжат исломий молия операцияларининг олти турини белгилайди ва уч ойдан кейин кучга киради. Бу жараёнда банклар ва исломий институтлар томонидан келгусида исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун тайёргалик босқичлари амалга оширилмоқда.

«Бу тайёргарлик босқичларида энг устувор масалалардан бири келгусида бу банкларнинг исломий молия, исломий банк хизматларини кўрсатиш учун исломий молия кенгаши таркибида бўлиши керак бўлган муҳим бир жиҳати бор. Мана шу бугунги амалга оширилаётган амалий мастер-курсимизнинг мақсади ҳам айнан шу исломий молия кенгашининг банкларда қанақа фаолият кўрсатиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, регулятор билан, яъни Марказий исломий молия кенгаши билан, Марказий банк ҳузуридаги, улар билан қанақа муносабатда ишлайди, умуман, банкнинг ичида уларнинг вазифалари нималардан иборат бўлади? Банкнинг эртага келгусида мижозлар учун кўрсатадиган хизматларининг ислом молиясига мувофиқлигини таъминлашда қандай вазифаларни бажариб олишини амалий мисоллар билан, халқаро муваффақиятли тажрибалар асосида бугун келган халқаро экспертимиз ва Ал-Муамалат Консалтингнинг экспертлари билан биргаликда амалга оширилмоқда. Ва бугунги тадбирда кўриб турганларингиздек, 30 дан ортиқ, демак, уламоларимиз, тижорат банклари вакиллари, Марказий банк вакиллари ва Мусулмонлар идораси вакиллари келган ҳолда тадбиримиз амалга оширилмоқда ва тадбиримизнинг асосий кўзлаган мақсади, келгусида бу фаолиятларнинг тўғри ва барқарор ишлашини таъминлаш учун амалга оширилаётган бир тадбирлардан бири ҳисобланади», дейди «Al-Muamalat Consulting» МЧЖ асосчиси Искандар Турсунов.

 

Teglar

Baxtiyor To‘xtayev

Baxtiyor To‘xtayevMaqolalar soni: 17

Barchasi

Mavzuga oid