Logo

«Эҳтимоли юқорироқ» — Марказий банк прогнозида иссиқлик тарифлари ошиши ҳисобга олинган

Bugun 15:273 daqiqa

Иссиқлик тарифларини 30 фоизгача ошириш масаласи ҳали расман ҳал қилинмаган. Бироқ Марказий банк бу эҳтимолни инфляция прогнозига киритган. Vaqt.uz мухбири билан суҳбатда регулятор вакиллари тарифлар ошиши ва унинг инфляцияга таъсири ҳақида маълумот берди.

«Эҳтимоли юқорироқ» — Марказий банк прогнозида иссиқлик тарифлари ошиши ҳисобга олинган © vaqt.uz

Ўзбекистонда иссиқ сув ва иситиш хизматлари тарифларини 30 фоизгача ошириш масаласи ҳали узил-кесил ҳал қилинмаган. Бироқ Марказий банк вакиллари тарифлар оширилиши эҳтимолини юқори деб баҳоламоқда. Ушбу омил 2026 йил якуни бўйича инфляция прогнозининг 6,5 фоиздан 7 фоизга кўтарилишида ҳам ҳисобга олинган.

Бу ҳақда 4-ноябр куни Марказий банкнинг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Бошқарув йиғилиши қарори юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

1

Фото: Марказий банк

Тарифлар ошиши ҳали расман тасдиқланмаган

Матбуот анжуманида Vaqt.uz мухбири иситиш тарифларининг 30 фоизга оширилиши ҳақидаги режалар Марказий банкнинг инфляция прогнозлари ва асосий ставка бўйича қарорларида қай даражада ҳисобга олингани ҳақида савол берди.

Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очиловнинг айтишича, иситиш тарифлари ва суюлтирилган газ нархининг ошиши билан боғлиқ бир марталик инфляцион таъсирлар жорий прогнозларда инобатга олинган.

Унинг таъкидлашича, тарифлар ошиши аҳоли даромадлари ва харид қобилиятига салбий таъсирини юмшатиш учун ҳукумат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам эълон қилинган. Жумладан, базавий меъёр 200 дан 300 гача оширилган, белгиланган меъёрдан ортиқ истеъмол учун эса ижтимоий реестрга киритилган оилаларга компенсация бериш назарда тутилган.

«Биз суюлтирилган газ бўладими ёки иситиш тарифларини ошириш бўладими, уларнинг бир марталик таъсирларини жорий прогнозга инобатга олганмиз. Келгуси йил прогнозларига ҳам эълон қилинган барча ўзгаришлар киритилган. Шу нуқтаи назардан, прогнозда 7 фоиз дейилганда, барча омиллар ҳисобга олинган», — деди Очилов.

Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Самиғжон Иноғамов ҳозирча бу борада расмий қарор қабул қилинмаганини билдирди.

«Йўқ, бу бўйича ҳали аниқ қарор чиқмади. Энди буни ҳукумат томонидан чиқади. Ўзи одатда бу коммунал тўловлари, мана иссиқ сув, совуқ сув, иситиш хизматлари бўйича қарорлар ҳудудий ҳокимиятлар тасарруфида бўлган масала. Бу бўйича қарор расман эълон қилингандан кейин у кучга киради. Ҳалигача бизда бор маълумотлар бўйича қарор қабул қилинмаган», — деди у.

Шу билан бирга, Иноғамов тарифлар оширилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан:

«Эҳтимоли юқорироқ. Энди ҳокимга чиқарилгандан кейин унинг эҳтимоли юқорироқ», — деди.

Иситиш тарифлари инфляция прогнозининг ошишига таъсир қилган

Марказий банк вакили иситиш ва иссиқ сув хизматлари нархининг оширилиши дастлабки макроиқтисодий прогнозларда ҳам ҳисобга олинганини маълум қилди. Бироқ аввалги ҳисоб-китобларда тарифлар ўсиши ҳозир кутилаётган даражадан пастроқ бўлган.

Самиғжон Иноғамовнинг тушунтиришича, тарифларнинг қўшимча ошиши янги прогнозларга киритилган. Бу эса йил якунидаги инфляция прогнозининг 6,5 фоиздан 7 фоизга кўтарилишига сабаб бўлган омиллардан бири ҳисобланади.

«Дастлабки прогнозимизда бу кўрсаткични анча пастроқ олган эдик. Тарифларнинг ошган қисми қўшимча равишда янги прогнозимизга киритилди. Шунинг учун ҳам прогнозни 6,5 эмас, 7 фоиз деб бердик. Умумий инфляцион тенденция пасаяётганига қарамасдан, прогнозни оширишимизнинг сабаби шунда», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 4-ноябр куни Марказий банк Бошқарув йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Teglar

Mavzuga oid