Ҳокимларнинг бюджет очиқлиги бўйича мажбурияти кучайтирилди

Bugun 14:552 daqiqa

Маҳаллий бюджет харажатларига оид қарор ва фармойишларни 3 иш куни ичида ҳокимликнинг расмий сайти ва openbudget.uz порталига жойлаштириш мажбурий деб белгиланди.

Ҳокимларнинг бюджет очиқлиги бўйича мажбурияти кучайтирилди

Маҳаллий бюджетлар очиқлигини таъминлаш бўйича иқтисодиёт ва молия вазирининг янги буйруғи қабул қилинди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда барча даражадаги ҳокимликлар бюджетнинг қўшимча маблағларидан фойдаланишга оид қарорларни ўз вақтида эълон қилиши шарт.

Янги талабларга биноан, бундай қарор ва фармойишлар қабул қилинганидан сўнг 3 иш куни ичида ҳокимликларнинг расмий веб-сайтлари ҳамда «Очиқ бюджет» ахборот порталига жойлаштирилиши мажбурий ҳисобланади. Бу тартиб 19 мартдан амалга киритилди.

Жисмоний шахслар тўлаган солиқ маълумотлари ҳам эълон қилиб борилади

Шу билан бирга, «Очиқ бюджет» порталида жисмоний шахслар томонидан тўланган солиқлар ҳақидаги маълумотлар ҳам доимий равишда эълон қилиб борилади. Жумладан, даромад солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича тушумлар ҳамда ушбу маблағлар қайси йўналишларга сарфлангани очиқ кўрсатилади.

Мазкур чоралар давлат маблағларидан фойдаланишда шаффофликни ошириш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган. Бу орқали аҳоли бюджет харажатлари ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш имконига эга бўлади.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2026 йилнинг дастлабки ойининг маълум бир даврида маҳаллий ҳокимликлар томонидан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари чиқарган қарорларнинг 386 таси асоссиз яширилгани маълум қилинган эди.

Яширилган қарорларнинг 68 таси ташкилий тузилмани тасдиқлаш, 46 таси маблағ ажратиш, 34 таси рағбатлантириш, 156 таси лавозимга тайинлаш ҳамда 82 таси бошқа масалаларга оид ҳужжатлардан иборат.

Очиқланмаган ҳужжатлар сони бўйича энг юқори кўрсаткичлар Фарғона (67 та ёки 44 фоиз), Хоразм (32 та ёки 39 фоиз), Бухоро (58 та ёки 37 фоиз), Қашқадарё (41 та ёки 26 фоиз) ва Самарқанд (38 та ёки 15 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Teglar

Mavzuga oid