Жаҳон банки Марказий Осиёга 3,2 млн доллар грант ажратди
Ушбу маблағ минтақавий электр энергияси бозорини яратиш бўйича дастлабки қадамларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Жаҳон банки Марказий Осиё мамлакатларида ягона электр энергияси бозорини шакллантириш жараёнини қўллаб-қувватлаш учун 3,2 млн доллар миқдорида грант ажратишини маълум қилди. Маблағ минтақавий бозорни ташкил этиш бўйича илк институционал ва техник қадамларни амалга оширишга йўналтирилади.
Грант шартномаси Жаҳон банки, «Энергия» мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази, Европа Иттифоқи делегацияси, шунингдек Буюк Британия ва Швейтсариянинг Тошкентдаги элчихоналари вакиллари иштирокида имзоланди. Лойиҳа доирасида «Энергия» МДМ раҳбарлигида пилот ташаббуслар амалга оширилиб, минтақавий бозор оператори функцияларини жорий этиш режалаштирилган.
2026 йил январда Жаҳон банки Марказий Осиёда электр энергияси бозорини ривожлантириш ва тизимларни интеграция қилиш дастурини тасдиқлаб, уни амалга ошириш учун 1 млрд доллардан ортиқ молиялаштиришни маъқуллаган эди. Ушбу кенг қамровли дастур 2035 йилгача мўлжалланган.
Дастурнинг асосий мақсади — минтақа давлатлари ўртасида энергетик боғлиқликни кучайтириш ва трансчегаравий савдо имкониятларини кенгайтириш. Шу билан бирга, электр узатиш тармоқларининг ўтказувчанлигини ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини миллий тизимларга интеграция қилиш кўзда тутилган.
Ажратилган грант мазкур стратегик мақсадларга эришишда амалий механизмларни ишлаб чиқишга хизмат қилади. Лойиҳа давлатлараро мувофиқлаштиришни кучайтириш, бозор қоидаларини уйғунлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми раҳбари истеъфога чиққанлиги ҳақида хабар берган эдик.





