Logo

Қирғизистоннинг давлат қарзи 10,37 млрд доллардан ошди

Bugun 14:433 daqiqa

Ташқи мажбуриятларнинг асосий қисми Хитой, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатнинг ички ва ташқи қарзи қандай тақсимланган?

Қирғизистоннинг давлат қарзи 10,37 млрд доллардан ошди © Sputnik

2026-йил 30-сентябр ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг давлат қарзи 906,98 млрд сом ёки 10,37 млрд долларни ташкил этди. Ушбу сумманинг 461,31 млрд соми ташқи қарз, 445,67 млрд соми ички қарз ҳиссасига тўғри келади. Икки турдаги қарз улуши 50,9 фоиз ва 49,1 фоизни ташкил қилади.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, сентябр ойининг охирида ташқи давлат қарзи ҳажми 461,31 млрд сомга етган. Унинг асосий қисмини имтиёзли кредитлар ташкил этади: 240,65 млрд сом кўп томонлама молиялаштириш, яна 153,32 млрд сом эса икки томонлама келишувлар ҳиссасига тўғри келади. Умуман олганда, бу ташқи мажбуриятларнинг 85,4 фоизини ташкил қилади.

Икки томонлама кредиторлар орасида энг йириги Хитой Экспорт-импорт банки бўлиб қолмоқда. Ушбу банк олдидаги қарздорлик 119,6 млрд сом ёки ташқи қарзнинг 25,9 фоизини ташкил этади.

Кўп томонлама ташкилотлар орасида Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси 87 млрд сом, Осиё тараққиёт банки эса 82,85 млрд сом билан етакчилик қилмоқда. Ушбу учта кредиторга жами 289,5 млрд сом ёки ташқи мажбуриятларнинг 62,8 фоизи тўғри келади.

Молия вазирлиги бошқа кредиторлар қаторида Евроосиё тараққиёт банки ва Евроосиё барқарорлаштириш ва тараққиёт жамғармасини — 21,24 млрд сом, Ислом тараққиёт банкини — 18,28 млрд сом, Халқаро валюта жамғармасини — 11,12 млрд сом ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигини — 11,1 млрд сом миқдорида кўрсатган.

Шунингдек, кредиторлар рўйхатидан Саудия тараққиёт жамғармаси, Германиянинг KfW банки, Туркия ҳукумати, Қувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, Корея Экспорт-импорт банки ва бошқа молиявий ташкилотлар ҳам ўрин олган.

Кредитлардан ташқари, ташқи қарз таркибига 700 млн доллар ёки 61,21 млрд сом миқдоридаги еврооблигациялар ҳам киради. Уларнинг улуши ташқи мажбуриятларнинг 13,3 фоизини ташкил этади. Яна 5,91 млрд сом Европа тикланиш ва тараққиёт банки олдидаги қарздорлик ҳиссасига тўғри келади. Имтиёзсиз икки томонлама мажбуриятлар эса қарийб 209 млн сомга баҳоланган.

Ички қарз: асосий қисмини давлат облигациялари ташкил этади

Ички давлат қарзи ҳажми 445,67 млрд сомга етган. Ушбу сумманинг деярли барчаси узоқ муддатли давлат қимматли қоғозларига тўғри келади. Давлат ғазначилик облигациялари ДГО 443,39 млрд сомни ёки ички мажбуриятларнинг 99,5 фоизини ташкил этади.

ДГOларнинг муомалада бўлиш муддати 2 йилдан 10 йилгача, шунингдек, 15 ва 20 йилни ташкил қилади. Давлат ғазначилик векселлари ҳиссасига эса 2,25 млрд сом тўғри келади.

Яна 34,34 млн сом собиқ «Элбанк» омонатчилари олдидаги мажбуриятлар ҳиссасига тўғри келади. Бу 1992-йил 1-январгача фуқаролар томонидан жойлаштирилган омонатлар бўйича қарздорлик бўлиб, СССР парчаланишидан кейин давлат зиммасига олинган. Молия вазирлиги давлат қарзи таркибида ушбу мажбуриятни ўтказма вексел шаклида ҳисобга олади.

Таққослаш учун, 2026-йил 31-июл ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг давлат қарзи 888,2 млр сомдни ташкил этган. Бу вақтда ташқи мажбуриятлар улуши 51,1 фоизни, ички мажбуриятлар эса 48,9 фоизни ташкил қилган.

Шундай қилиб, икки ой ичида давлат қарзининг умумий ҳажми қарийб 18,78 млрд сомга ошган, ички мажбуриятлар улуши эса 0,2 фоиз пунктга кўпайган.

Шу билан бирга, 2026-йил январ–октябр ойларида Қирғизистон давлат қарзига хизмат кўрсатиш учун аллақачон 73,89 млрд сом йўналтирган. Ушбу сумманинг 47,03 млрд сом асосий қарзни қайтаришга, 26,75 млрд сом эса фоиз тўловларига сарфланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жаҳон қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 100 фоизига яқинлашиши ҳақида ёзган эдик.

Фарангиз Бобожонова

Teglar

Mavzuga oid