Марказий Осиё мамлакатларида пахта терими нархлари ва янги мавсум кутилмалари
Ҳадемай Ўзбекистонда пахта йиғим-терими бошланади. Vaqt.uz Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун бу ресурснинг аҳамияти, қишлоқ хўжалигида пахтага бўлган муносабатнинг йиллар давомида ўзгариб бориши ва янги мавсумда қўл кучида терилган пахта учун қанчадан тўланиши мумкинлигини ўрганди.

Пахта Ўзбекистонда тарихан «оқ олтин» деб аталган, чунки у мамлакат қишлоқ хўжалиги ва экспортида муҳим ўрин эгаллаган. Бироқ сўнгги йилларда хом пахта ва пахта толасининг экспортдаги улуши сезиларли даражада камайди. Яъни ҳозир пахта экспорти умумий экспортнинг аввалгидек катта қисмини ташкил қилмаяпти. Пахта толасининг жами экспортдаги улуши 2010-йилдаги 12,1 фоиздан 2023-йилда 0,2 фоизгача қисқарган.
Ўзбекистон дунёда олтинчи йирик пахта ишлаб чиқарувчиси бўлиб, глобал пахта ишлаб чиқаришнинг 3 фоизини ташкил қилади.

Жаҳон банки маълумотига кўра, 2023-йилдан Ўзбекистон хом пахтанинг 100 фоизини ипга айлантира олди ва юқори қўшимча қийматга эга кийим-кечак ишлаб чиқаришга ўтди. 2024-йилда Ўзбекистоннинг HS 52 — «Cotton» бўйича экспорти салкам 1,4 млрд доллар бўлган. Шу йили дунё бўйича ушбу тоифадаги экспорт тахминан 30,8 млрд доллар эди, яъни Ўзбекистоннинг улуши тахминан 4,5 фоиз.
Дунёда олтинчи йирик пахта ишлаб чиқарувчиси сифатида унинг толали озуқа етказиб бериш занжирлари Марказий Осиёдан тикувчилик фабрикалари ва бутун дунё бўйлаб истеъмолчиларга етказиб берилади. Ўнлаб йиллар давомида пахта йиғим-терими давлат томонидан ташкил этилган ва унга қишлоқ аҳолиси, болалар, таълим муассасалари ва давлат муассасалари ходимлари мажбуран сафарбар қилиб келинган. Бу сафарбарлик эса ўз навбатида дунёда ўзбек пахтаси ва толасига нисбатан турли импорт санкциялари қўлланилишига, халқаро брендларни ўзбек пахтасини бойкот қилишга ундади. Халқаро босим остида Cotton Campaign Ўзбекистонни тизимни ислоҳ қилишга чақирди. ХМТ ушбу ислоҳотларни мониторинг қилишда марказий рол ўйнади. Ташкилот ўзининг сўнгги баҳолашида мажбурий меҳнат даражаси жуда паст эканини аниқлади, бу аввалги амалиётдан сезиларли даражада ўзгаришни англатади. Ушбу ўзгаришлардан сўнг, 2022-йил март ойида Cotton Campaign ўзбек пахтасини глобал бойкот қилишга чек қўйди ва ўзгариш кузатилганини эътироф этди ва шу билан бирга соҳада инсон ва меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ хавфлар сақланиб қолишини таъкидлади. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги касаба уюшмаси бу ўзгаришлар муҳимлиги, аммо улар Ўзбекистонда асосий меҳнат ҳуқуқлари ёки демократик эркинликларга тўлиқ ҳурмат кўрсатишни англатмаслигини урғулайди.
Ўзбекистонда пахтага нисбатан муносабат ўзгариб боришини фақат мажбурий меҳнатнинг камайиши билан баҳолаб бўлмайди. Ҳақиқий ўзгариш ишчиларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бирлашиш ва иш берувчи билан ўз манфаатларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлишини ҳам англатади. Бу ишчиларнинг ҳуқуқларини кучайтириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва пахта етиштиришни адолатли ҳамда барқарор қилиш учун жуда муҳим. Ўзбекистондан пахта ёки пахта асосидаги маҳсулотларни сотиб олувчи глобал харидорлар ва брендлар учун бу мувофиқлик катакчаларидан ташқарига чиқишни англатади. 21-асрда масъулиятли харид амалиёти нафақат далаларда мажбурий меҳнатнинг йўқлигини, балки сиёсий ва фуқаролик эркинликларини ҳам ўз ичига олган кучли инсон ҳуқуқлари бўйича тегишли текширувни талаб қилади.
Пахта терими учун қанчадан тўланади?
2025-йилда машина ёрдамида терилган пахтанинг 1 килоси учун – 1373 сўм, қўл меҳнати билан терилган пахтанинг 1 килоси учун – 2000 сўм тавсиявий нарх белгиланганди. Терим вақтида кластер, фермер хўжалиги раҳбарлари ва теримчилар ўртасида ўзаро келишув асосида терим нархини мустақил белгилаш амалиёти ҳам қўлланганди. Шунингдек, пахта етиштириш харажатларини қоплаш мақсадида давлат бюджети ҳисобидан 1 килограмм пахта учун 1000 сўм субсидия ажратилиши айтилганди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу тартиб пахта етиштирувчилар манфаатини ҳимоя қилиш, теримчилар меҳнатини рағбатлантириш ва аграр соҳада барқарорликни таъминлашга қаратилганини айтганди. 2024-йил кузида қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун ҳақ 2500 сўм эди.
Қўл теримига талаб камайиб, машина терими тобора кенгайяпти
Vaqt.uz қишлоқ хўжалиги мутахассиси, Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов билан мавзу ҳақида суҳбатлашди. Унинг фикрича, сўнгги йилларда терим машиналарининг кўпайиши пахта теримига сезиларли таъсир кўрсатган. Бундан бир неча йил аввал терим машиналари етишмаслиги муаммо сифатида кўтарилган бўлса, кейинги йилларда уларнинг сони кескин ошиб, айрим ҳудудларда ҳатто ортиқча бўлиб қолган.
«Бир неча йил олдин терим машинаси етишмаяпти, деган муаммони кўтарган эдик. Кейин кетма-кет машиналар олиб кирилди. Айрим жойларда улар кўпайиб ҳам кетди. Машина сотиб олган фермерларнинг ўзи ҳам энди полигон, яъни етарли ҳажм бўлмагани учун бу техникани қандай ишлатиш ва харажатини қоплаш ҳақида ўйлаяпти», — дейди эксперт.
Унинг таъкидлашича, бу йил пахта етиштириш технологияси ҳам машина теримига мослаштирилмоқда. Жумладан, қўш қаторли экиш, ғўзанинг бўйини ҳаддан ташқари ўстирмаслик ва ҳосилнинг имкон қадар бир маротаба машина кирганда йиғиб олинадиган ҳолатга келишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Эксперт қўл меҳнатига талабнинг пасайишида ишчи кучи нархининг ошиши ҳам муҳим омил эканини қайд этади. Унинг сўзларига кўра, бугун кунлик бошқа ишларда 250–300 минг сўм атрофида даромад топиш мумкинлиги сабабли одамлар белини букиб, пахта теришни афзал деб билмайди.
«Масалан, килограммига 2000 сўмдан тўланганда ҳам, бир кунда 100 кило пахта терган одам 200 минг сўм олади. Кўпчилик эса 100 кило тера олмайди. Дейлик, 70 килограмм терганда 140–150 минг сўм атрофида пул бўлади. Кўчада бошқа ишда эса одам 250–300 минг сўм ишлаб олиши мумкин. Бунда пахта теримининг машаққати ҳам бор», — дейди у.
Экспертнинг фикрича, фермер учун ҳам машина теримининг асосий афзаллиги фақат нархнинг нисбатан арзонлигида эмас. Машина қисқа вақт ичида катта майдондаги ҳосилни йиғиб олади, теримчиларни узоқ муддат далада сақлаш, уларни овқатлантириш ва бошқа ташкилий харажатлар камаяди.
«Машина терими килограмм ҳисобида арзонроқ бўлиши мумкин. Лекин фермер бир ой давомида қўл теримига қиладиган барча харажатларини — теримчиларни топиш, уларни далага олиб келиш, овқатлантириш ва бошқа сарф-харажатларни қўшиб ҳисоблайдиган бўлса, машина терими барибир қулайроқ ва арзонроқ чиқади», — дейди эксперт.
У, шунингдек, об-ҳаво омили ҳам машина теримига ўтишни тезлаштираётганини таъкидлайди. Хусусан, кузги ёмғирлар ҳосилнинг сифати ва нархига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли пахтани имкон қадар қисқа муддатда йиғиб олиш фермер учун иқтисодий жиҳатдан манфаатли.
Экспертнинг фикрича, келгусида терим машиналари сонининг ортиши ва ишчи кучи қийматининг ошиши фонида қўл теримининг улуши янада қисқариши мумкин.
Таҳририят хоразмлик фермер Нодир Авезов билан бу йилги пахта терими борасида гаплашди. У кўплаб фермерлар, шу ўринда ўзи ҳам пахта терувчи машиналардан фойдаланишни маъқул кўришини билдирди. Аммо терим машиналарининг далаларга кириб чиқиши қийинчилик туғдириши, техникалар ҳаракатланиш чоғида катта миқдордаги пахтани увол қилиб, янчиб ташлаши мумкинлигини айтди. У бунинг олдини олиш учун қўл меҳнати зарурлиги, негаки улар пахта машинаси эркин айланиши, ҳайдовчи белгиланган жойдан ортга қайрилишда пахта ҳосилини янчиб ташламаслиги учун бироз жойни қўлда териб бериши лозимлигини урғулади.
«Шунақа қилмасак, пахтани увол қилиб қўйиш ҳеч гап эмас. Ўйлайманки, ҳеч ким буни хоҳламайди», — дейди фермер.
Аммо қўлда териладиган пахта учун қанча тўланиши борасида ҳануз якуний тўхтамга келинмаганини маълум қилди.
Бу сафар қанчадан тўланади?
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов яқинда пахтачилик соҳасида кўзланган марралар улкан эканини айтиб, бу йилги мавсум якунида 4,5 миллион тонна пахта етиштириш кўзда тутилаётганини маълум қилганди.
Vaqt.uz вазирлик матбуот котиби Дилшодбек Назиров билан боғланиб жорий мавсумдаги кутилмалар ҳақида маълумот олди. Унинг айтишича, далаларда экилган пахта қачон тўлиқ етилса, терим шу заҳоти бошланади. Буни фермерларнинг ўзи мустақил белгилайди, яъни териш учун оммавий рухсат бериш деган тушунча йўқ. Бу галги терим мавсумида ҳам қўл меҳнати бўлади, негаки ундан бирданига воз кечиш имконсиз. У сув кечиб ўтиладиган ва нисбатан кичик майдонга экилган ҳосилни йиғиб олишда қўл меҳнати зарурлигини айтиб, техник-иқтисодий томонлама бу анча ҳамёнбоп эканини урғулади. Аммо вазирлик эски тизимдан бутунлай воз кечиб, ҳосилни тўлиқ техника ёрдамида йиғиб олиш учун ишлар олиб бормоқда.
Вазирлик матбуот хизмати раҳбарининг қўшимча қилишича, терим учун нархнинг қанча бўлишини бозор белгилайди.
Қўшни давлатларда пахта терими учун қанча тўланади?
Қирғизистон
2023–2025-йилларда қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килоси учун теримчиларга ўртача 17 қирғиз соми (2200 сўм) тўланган. Ушбу даврда пахтанинг умумий харид нархи 72–73 сом атрофида бўлган. Мамлакатда комбайнда териш кенгайгани сабабли (машина терими килоси учун 4 сомни ташкил этади), 2026-йилда қўлда териш нархи ўзгаришсиз қолиб, келишув асосида 15–20 сом (2000–2600 сўм) атрофида бўлиши кутилмоқда. Қирғизистонда оммавий йиғим-терим одатда сентябр ойининг ўрталарида бошланади. Selina Wamucii маълумотларига кўра, экспорт бозорларида ҳам нархлар барқарор сақланиб қолмоқда.
Қозоғистон
Қозоғистонда пахта асосан машиналарда терилади ва эркин бозор тизими амал қилади. Westminster халқаро университети тадқиқотида келтирилишича, фермерларнинг ярмидан кўпи комбайнлардан фойдаланади. Охирги йилларда фермерлар қўлда терим учун килога ўртача 20–30 тенге (500–700 сўм) тўлаган. Пахтанинг умумий харид нархи эса жаҳон биржасига қараб тоннасига 130 мингдан 250 минг тенгегача (килосига 130–250 тенге) бўлган. «The Times of Central Asia»нинг ёзишича, таннарх юқорилиги сабабли пахтачилик майдонлари бироз қисқармоқда, бироқ 2026-йилда харид нархлари килосига 200–250 тенге (5200–6500 сўм) атрофида шаклланиши кутилмоқда. Қозоғистонда пахта терими сентябр ойининг иккинчи ярми ва октябр бошларига тўғри келади. Бу пахта ҳосилининг тайёр бўлишига боғлиқ.
Туркманистон
Туркманистонда пахтачилик тўлиқ давлат назоратида бўлиб, нархлар президент қарорлари билан ўрнатилади. Теримчилар рағбатини ошириш мақсадида 2024-йилги мавсумдан бошлаб қўлда терилган пахтанинг килоси қатъий 1 туркман манати (3 364 сўм) қилиб белгиланган (аввал 60 танга эди). Халқаро меҳнат ташкилоти мониторинги ҳам 2024–2025-йилларда теримчиларнинг 70 фоиздан ортиғи айнан 1 манатдан ҳақ олганини тасдиқлайди. 2026-йилда ҳам теримчиларга бериладиган ҳақ ўртача 1 манат атрофида сақланиб қолиши кутилмоқда. Туркманистонда расмий равишда оммавий терим ҳар йили 11-сентябрдан бошлаб старт олади.
Тожикистон
Тожикистон минтақада пахта терувчиларга ҳақ тўлаш энг паст бўлган давлатлардан бири ҳисобланади. Охирги йилларда теримчиларга килосига бор-йўғи 1 дан 1,5 тожик сомонийсигача (1200–1900 сўм) ҳақ тўланган. Ҳақнинг камлиги сабабли бюджет ташкилоти ходимлари теримга жалб қилиниши ҳолатлари учрамоқда. Гарчи Тожикистон 2025 йилда пахта етиштириш режасини ошириб бажарган бўлса-да, ички қайта ишлаш сустлиги туфайли фермерлар терим пулини кескин ошира олмаяпти. 2026-йилда ҳам ҳақ тўлаш ўртача 1,5–2 сомоний атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.
Етиштирилган ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш ва уни юқори навда топшириш фермер учун ниҳоятда муҳим. Зеро, унинг даромади кўп жиҳатдан ҳосилнинг қандай ва қачон териб олинганига боғлиқ. Тажрибали ва илғор теримчилар эса, табиийки, пахтаси яхши очилган далаларни танлашга ҳаракат қилади. Сабаби оддий: қанча кўп пахта терса, шунча кўп даромад қилади.
Пахта терими мавсуми қишлоқ аҳли учун йил давомида кутиладиган муҳим даромад манбаларидан биридир. Меҳнаткаш ва чаққон теримчи қисқа вақт ичида оиласи учун сезиларли маблағ ишлаб олиши мумкин. Ўртача ҳисобда, бир кунда 100 килограмм пахта терган теримчига 200 минг сўм атрофида ҳақ тўланади. Агар бир оиладан бир неча киши теримга чиқса, табиийки, оиланинг мавсум давомида топадиган даромади ҳам шунга яраша ортади.
Бугун пахта далаларида меҳнат қилаётганлар орасида айнан шу даромадга таянаётган оддий одамлар кўп. Кимдир топган пулига рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиради, кимдир фарзандларининг эҳтиёжларини қоплайди, яна кимдир қиш-қировга тайёргарлик кўради.



