Наманганнинг собиқ ҳокими 11 йилга қамалди
Анваржон Отахўжаев пора олиш, фирибгарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа бир қатор жиноятларда айбдор деб топилди. Суд жараёнида яна олти нафар шахсга ҳам турли жазо чоралари тайинланди.
© Фото: Наманган вилояти ҳокимлигиЖиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анваржон Отахўжаевга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Фарғона вилояти судлари матбуот хизмати маълум қилди.
Суд ҳукмига кўра, собиқ ҳоким Жиноят кодексининг:
● 167-моддаси 3-қисми "а" банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
● 168-моддаси 3-қисми "в" банди (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик);
● 205-моддаси 2-қисми "а" банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);
● 206-моддаси 2-қисми "а" банди (ҳокимият ёки мансаб ваколати чегарасидан чиқиш);
● 207-моддаси 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш);
● 209-моддаси 2-қисми "а" банди (мансаб сохтакорлиги);
● 210-моддаси 3-қисми "а" банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) бўйича айбли деб топилди.
Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисмига мувофиқ, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан Анваржон Отахўжаев 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Суд ушбу жиноят иши бўйича яна олти нафар шахсга нисбатан ҳам ҳукм чиқарди. Хусусан, уч нафар судланувчига 7 йилдан 10 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш, икки нафарига 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари, яна бир нафарига эса 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Томонлар биринчи инстанция суди қарори устидан қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда Фарғона вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериши ҳамда протест келтириши мумкин.
Иш тафсилотлари
Анваржон Отахўжаев устидан суд жараёни 2026-йил 24-апрел куни Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судида бошланган эди. Дастлаб унга 60 минг АҚШ доллари миқдорида пора олиш айблови қўйилган. Ҳимоя томони суднинг холислигини таъминлаш мақсадида ишни Наманган вилоятидан бошқа ҳудудга ўтказишни сўраган ва натижада иш Ўзбекистон туман судига юборилганди.
Тергов маълумотларига кўра, собиқ ҳоким тадбиркорга Наманган шаҳри марказидаги 35 сотих ер майдонида кўп қаватли уй-жой қуриш ҳуқуқини таъминлаб бериш эвазига 60 минг доллар талаб қилганликда гумон қилинган. Ҳимоя томони эса айбловларни рад этиб, иш бўйича бир қатор процессуал эътирозларни билдирган эди.





