«Imarat Development» асосчиси ушланди
Жиноят иши доирасида тадбиркор билан бирга яна бир киши процессуал тартибда қўлга олинган. Олдинроқ компанияга жиноят иши очилиб, мижозларнинг пулини қайтармагани юзасидан тергов ҳаракатлари бошланганди.
© Kollaj: Vaqt.uzТошкент шаҳрида фаолият юритувчи «Imarat Development» қурилиш лойиҳаси эгаси, тадбиркор Марат Ҳамдамов Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилаётган жиноят ишида гумонланувчи тариқасида жалб этилган ва Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган. Бу ҳақда ИИББ матбуот котиби Нилуфар Мадиева Vaqt.uz’га маълум қилди.
Қайд этилишича, жиноят иши доирасида М.Х. ва Ж.А. ЖПКнинг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган.
«Imarat Development» қураётган тураржой мажмуалари пойтахт ҳудудидан ташқарида жойлашгани сабабли, баъзи харидорлар норозилик билдириб, компания раҳбариятидан хонадонлар учун киритилган маблағларни қайтаришни талаб қилган. Бироқ, пуллар қайтарилмаган.
Хонадон сотиб олган харидорлар қурилиш кечикаётгани ва пулларни қайтариб ололмаётгани ҳақидаги шикоятлар қилган. 2025-йилдаёқ харидорларга топширилиши керак бўлган бир қатор тураржой мажмуаларидаги хонадонлар ҳалигача фойдаланишга топширилмаган. Кечикишлар фонида компания муассислари ўртасида низо келиб чиққан, сотув офиси пештоқидаги «Imarat» номи эса «Imtiyaz»га ўзгартирилган.
Бунинг ортидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилган. Натижада ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 192¹¹-моддаси (нодавлат ташкилот мансабдор шахсининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва прокуратура назоратига олинган. Тергов якунларига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.





