Logo

Олтин яна қимматлашмоқда: уни ҳозир сотиб олиш тўғрими?

Bugun 09:005 daqiqa

Долларнинг заифлашуви, марказий банкларнинг рекорд даражадаги харидлари ва геосиёсий хавотирлар қимматбаҳо металлга бўлган талабни кучайтирган.

Олтин яна қимматлашмоқда: уни ҳозир сотиб олиш тўғрими? © Foto: Sputnik

Олтин яна қимматлаша бошлади. Ярим йиллик пасайишдан сўнг, август ойида унинг дунё бозоридаги нархи қарийб 15 фоизга кўтарилди. Аслида, бу тенденция 31 июлдан бошланган эди. Унгача эса, яъни январ охиридан июл ўрталарига қадар қимматбаҳо металл 27 фоизга арзонлашганди. Хўш, нархлар нега яна ошмоқда ва бу жараён қанчагача давом этади?

Жорий нарх ўсишининг чўққиси 25–26 август кунларига тўғри келди. Бу вақтда спот нархи бир трой унцияси учун 4 696–4 697 долларга етди. Бу — олтин қийматининг 1999 йил сентябридан буён кузатилган энг йирик ойлик ўсишидир. Шунга қарамай, 18 фоизлик тарихий рекорд барибир янгиланмай қолди.

Қимматбаҳо металл нархининг кўтарилиши АҚШ ва Япониянинг иенани қўллаб-қувватлаш мақсадида бошлаган валюта интервенцияси сабаб бўлди. Бундай тадбир долларга салбий таъсир кўрсатиб, Америка валютасининг қадрсизланишига олиб келди. Натижада олтин сотиб олиш учун жуда қулай шароит юзага келди.

Шунингдек, АҚШ Молия вазирлигининг 19 августдаги қарори, яъни 9 сентябрдан бошлаб узоқ муддатли облигацияларни харид қилиш ҳажмини икки баробар ошириш режаси ҳам нарх ўсишини тезлаштириб юборди. Хусусан, «SharesPro» молиявий платформаси асосчиси Денис Астафевнинг қайд этишича, ушбу янгиликдан сўнг доллар кескин қадрсизланиб, уч ойлик минимумга тушиб кетган. Бу эса бевосита олтин нархининг кўтарилишига кучли туртки берган.

Америка молия идорасининг бу ҳаракатлари қимматли қоғозлар даромадлилигини пасайтириб, уларнинг жозибадорлигини камайтирмоқда. Оқибатда капитал бошқа молиявий активларга, жумладан, қимматбаҳо металлар бозорига оқиб ўтмоқда.

Буларнинг бари долларнинг бошқа жаҳон валюталарига нисбатан заифлашишига ва олтин нархининг кескин кўтарилишига олиб келди. Молиявий таҳлилларга кўра, бу ҳолатни долларнинг олтита асосий жаҳон валютаси (евро, япон иенаси, фунт стерлинг, канада доллари, швед кронаси ва швейцар франки) га нисбатан ҳолатини кўрсатувчи DXY индексида яққол кўриш мумкин.

Хусусан, январ ойида мазкур индекс тўрт йиллик минимумга тушганида, олтин 25 фоиздан кўпроққа қимматлаб, бир унцияси рекорд даражага — 5 595 долларга етган. Иккинчи чоракда эса доллар мустаҳкамланди, олтин ўз қийматини тахминан 14 фоиз йўқотиб, июн ойини 4 027 доллар атрофида якунлади. Июл ва август ойларида долларнинг қайта заифлашиши фонида олтин яна ўсишга ўтди. 2026 йил давомида DXY индекси ва олтин нархи ўртасида яққол тескари пропорционал боғлиқлик кузатилмоқда.

Марказий банклардан то токенларгача

Марказий банклар ҳам олтиннинг қимматлашишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Ва бу шунчаки қисқа муддатли ҳолат эмас, балки давлатлар ўз захира сиёсатини қайта кўриб чиқаётгани билан боғлиқ жиддий жараён ҳисобланади.

Таҳлилларга кўра, Хитой ва бошқа бир қатор давлатлар савдо профицитини режали равишда Ғарб молиявий активларидан жисмоний олтинга ўтказмоқда. Бу — бир неча йил давомида шаклланган узоқ муддатли тенденция. Ҳозирги шароитда эса бу жараён янада тезлашган. Негаки, йирик иқтисодиётлар, хусусан, АҚШ, Германия, Франция ва Япония қарзлари атрофидаги мавҳумлик қанчалик ортса, марказий банклар ҳам ўз захираларини шунчалик фаол диверсификация қилмоқда.

Хусусан, 2026 йилнинг иккинчи чорагида марказий банклар рекорд миқдорда — 289 тонна олтин харид қилди. Бу кўрсаткич январ-март ойларига нисбатан қарийб беш баробар, ўтган йилнинг мос даврига таққослаганда эса 62 фоизга кўп. Бу жараёнда Полша Марказий банки ҳамда қаторасига 21 ойдан буён олтин сотиб олаётган Хитой Халқ банки етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистон ҳам энг кўп олтин сотиб олган марказий банклар учлигига кирган. Йил бошидан буён Ўзбекистон Марказий банки қарийб 40 тонна олтин сотиб олди. Маълумотларга кўра, июл охирида Ўзбекистоннинг олтин захиралари қарийб 431 тоннани ташкил этган. Мамлакат халқаро захираларининг тахминан 87 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келмоқда.

Жаҳон регуляторларидан ташқари, йирик молия ташкилотлари ва хусусий инвесторлар ҳам олтинга бўлган талабни оширмоқда.

Бунга қўшимча равишда, сармоя киритишнинг янги усуллари яратилаётгани ҳам қимматбаҳо металлга бўлган қизиқишни янада кучайтиряпти. Кузатувларига кўра, Гонконгдаги «HSBC» банки чакана мижозларга бевосита банк омборидаги жисмоний қуймалар билан таъминланган токенларни таклиф қила бошлаган. Сингапурда эса «OCBC», «Lion Global Investors» ва «DigiFT» компаниялари профессионал инвесторлар учун жисмоний олтин билан кафолатланган фондга кириш имконини берувчи «GOLDX» токенини ишга туширган. Шунингдек, «DBS» банки 2026 йилнинг иккинчи ярмида чакана мижозлар учун ҳар бири алоҳида банк омборидаги бир грамм олтин билан таъминланадиган токенларни харид қилиш имкониятини яратишни режалаштирмоқда.

Яқин Шарқда чўзилиб кетаётган можаролар ҳам олтин нархининг кўтарилишига ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Август ойининг охирларида вазият янада кескинлашди ва эскалациянинг навбатдаги босқичи кузатилди. Оқибатда инвесторлар зудлик билан ҳимоя активларидаги улушларини оширишга киришди ва бу вазиятда олтин асосий фойда келтирувчи воситага айланди.

Олтин келгусида ҳам қимматлашишда давом этадими?

Тарих шуни кўрсатадики, геосиёсий низолар, инфляция хавфи ёки қарз бозорига нисбатан ишончсизлик туфайли ноаниқлик кучайган пайтларда жисмоний металлга бўлган талаб ортади. Олтин нархи айрим алоҳида макроиқтисодий кўрсаткичларга эмас, балки бозорлардаги умумий хавотир даражасига қараб ўзгаради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозир айнан шундай вазият кузатилмоқда. Шу сабабли олтинни сармоядорлар учун «тинч бандаргоҳ» деб аташ мумкин. Аммо бу ўринда бир жиҳатни инобатга олиш лозим: ушбу актив бозордаги ҳар қандай пасайишдан эмас, балки энг аввало инфляция ва валюта хатарлари, сиёсий беқарорлик ҳамда давлат қарзига бўлган ишончсизликдан ҳимоя қилади.

Келажакдаги истиқболларга назар ташланса, олтин учун узоқ муддатли шароит ҳамон қулайлигича қолмоқда. Таҳлилчиларга кўра, яқин бир неча ой давомида жаҳон марказий банклари ўз захираларини диверсификация қилишни давом эттиради. Бундан ташқари, углеводородлар логистикасидаги узилишлар, ривожланган мамлакатларнинг қарз бозорлари барқарорлиги юзасидан хавотирлар ҳамда Яқин Шарқдаги чўзилаётган можаролар сақланиб қолади.

Шу билан бирга, иқтисодчилар инвесторларни эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда. Қайд этилишича, бир ой ичида кузатилган 15 фоизлик кескин ўсиш нархларнинг қайта пасайиши (коррекция) хавфини оширади — айниқса, сармояларнинг бир қисми чайқовчилик мақсадида киритилган бўлса. Бундан ташқари, олтин нархи ҳали ҳам йил бошида қайд этилган тарихий рекорд кўрсаткичдан қарийб 15 фоизга паст ва бу даражага қайтиш бир текис кечмаслиги мумкин.

Шу сабабли энг оқилона ечим — олтинни турли хил активлардан иборат диверсификация қилинган портфелнинг бир қисми сифатида сақлаш ҳисобланади. Бунда валюта ва геосиёсий майдондаги ўзгаришларни доимий равишда кузатиб бориш талаб этилади.

Маълумот учун, «JPMorgan» молиявий холдинги 2026 йил охирига бориб олтин нархи бир трой унцияси учун 6 000 долларгача кўтарилишини прогноз қилган.

Teglar

Mavzuga oid