Ўзбекистон бир ойда 100 тоннадан ортиқ мева-сабзавот экспорт қилди
2026-йилнинг январ ойида Ўзбекистон хорижга қарийб 100 млн долларлик мева-сабзавотлар экспорт қилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 фоизга кўп. Шу даврда хорижга сотилган тўқимачилик маҳсулотларининг қиймати эса бундан икки баробар ортиқ.

2026-йилнинг январ ойида Ўзбекистон хорижга қиймати 99,4 млн АҚШ долларига тенг бўлган 106,8 минг тонна мева-сабзавотлар ва 216,5 млн АҚШ долларилик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Билдирлишича, мева-сабзавотлар экспорти қиймати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 фоизга ошиб, жами экспортдаги улуши 5,9 фоизини ташкил этган.
Уларнинг таркиби қуйидагича:
мева ва резаворлар – 31,3 минг тонна;
сабзавотлар – 36,7 минг тонна;
мош – 9,4 минг тонна;
ерёнғоқ ва ёнғоқлар – 2,4 минг тонна;
бошқалар – 26,8 минг тонна.
Тўқимачилик маҳсулотларининг умумий экспортдаги улуши эса 12,8 фоизни ташкил этган. Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркиби қуйидагича:
Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари – 51 фоиз
Ип-калава – 31 фоиз
Трикотаж мато – 8 фоиз
Газламалар – 7 фоиз
Пайпоқ маҳсулотлари – 2 фоиз
Гиламлар – 1 фоиз
Ўзбекистон энг кўп қайси давлатларга маҳсулот экспорт қилмоқда?
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январ ойида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 1,7 млрд АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,7 фоизга юқори.
Мазкур даврда Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган ТОП-10 давлатлар (АҚШ долларида):
Россия – 325,8 млн
Хитой – 178,1 млн
Афғонистон – 136,7 млн
Франция – 103,6 млн
Туркия – 84,3 млн
Қозоғистон – 81,6 млн
Қирғизистон – 46,5 млн
Тожикистон – 45,7 млн
БАА – 41,4 млн
АҚШ – 32,1 млн
Шу даврда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасининг ўзи эса 5,8 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 млрд АҚШ долларига ёки 29,2 фоизга ошган.
Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси ҳажмида:
Экспорт – 1,7 млрд (+26,7 фоиз)
Импорт – 4,1 млрд (+30,3 фоиз) АҚШ долларини ташкил этди.
2026 йилнинг илк ойида Ўзбекистон жаҳоннинг 145 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширди. Ташқи савдо айланмасининг юқори улуши Хитой (27,9 фоиз), Россия (18,7 фоиз), Қозоғистон (7,1 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Афғонистон (2,4 фоиз) ҳиссасига тўғри келди.





