Logo

Ўзбекистон иқтисодиёти ярим йилда 8,5 фоизга ўсди

Bugun 18:343 daqiqa

Ярим йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ўсди. Шунга қарамай, президент Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт йилига 9–10 фоиз ўсиши кераклигини таъкидлади. Марказий банк эса иқтисодиётдаги юқори фаолликни ҳисобга олиб, йил якунидаги ўсишни 7,5–8 фоиз атрофида прогноз қилмоқда. Vaqt.uz юқори иқтисодий ўсишга нима сабаб бўлаётгани ва унинг аҳоли ҳаётида қандай акс этаётганини таҳлил қилди.

Ўзбекистон иқтисодиёти ярим йилда 8,5 фоизга ўсди © uza

Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январ–июн ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 1,07 квадриллион сўм (ёки 1 072,7 трлн сўм)ни ташкил этди ва реал ҳисобда 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 8,5 фоизга ўсди. Тармоқлар кесимида саноат ишлаб чиқариши 8 фоиз, хизматлар 16,9 фоиз, қурилиш 13,8 фоизга ошди.

Марказий банк юқори ўсишда ички талабнинг кучайиши муҳим омиллардан бири бўлганини таъкидлади. Чакана савдо ва хизматлардаги фаоллик истеъмол талабининг, инвестициялар ўсиши эса инвестицион талабнинг юқорилигини кўрсатмоқда.Ярим йиллик юқори ўсиш биргина соҳа ҳисобига эмас, хизматлар, истеъмол ва инвестициялардаги фаоллик билан бирга шаклланган

Ҳудудлар ўртасидаги даромадлар фарқи 

Миллий статистика қўмитасининг SIAT маълумотларига кўра, 2025-йилда аҳоли жон бошига умумий даромад ўртача 29,9 млн сўмни ташкил этган. Бу 2024-йилга нисбатан 16,6 фоизга кўп. Реал ҳисобда эса аҳоли жон бошига умумий даромадлар 7,2 фоизга ошган.

 

Аммо ҳудудлар кесимида фарқ катта. 2025-йилда аҳоли жон бошига умумий даромад Тошкент шаҳрида 73,9 млн сўм бўлган. Навоий вилоятида бу кўрсаткич 44,7 млн, Бухорода 35,2 млн, Хоразмда 31,1 млн сўмни ташкил этган. Энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистонда — 20,7 млн сўм қайд этилган.

 

aa

Шундай қилиб, Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига умумий даромад Қорақалпоғистондагидан 3,6 баравар юқори. Бу мамлакат бўйича даромадлар ўсаётган бўлса-да, ҳудудлар ўртасидаги тафовут сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Камбағаллик қисқармоқда

Камбағаллик даражаси ҳам пасайган. Миллий статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2024-йилда 8,9 фоизни ташкил этган камбағаллик даражаси 2025-йилда 5,8 фоизга тушган. 

 

Ҳудудлар кесимида ҳам кўрсаткичлар фарқ қилади. 2025-йилда камбағаллик даражаси Тошкент шаҳрида 3,5 фоиз, энг юқори кўрсаткич Хоразмда — 6,7 фоиз қайд этилган.

 

Демак, мамлакат бўйича камбағаллик камайган бўлса-да, ҳудудлар ўртасидаги фарқ сақланиб қолмоқда.

 

Инфляция ва инфратузилма 

 

Марказий банк юқори иқтисодий фаоллик шароитида ички талабнинг таклифдан тезроқ ўсиши инфляцион босимни кучайтириши мумкинлигини қайд этмоқда. Регулятор 2026-йил якунида иқтисодий ўсиш 7,5–8 фоиз атрофида бўлишини прогноз қилган.

Бу ҳолатни оддийроқ қилиб тушунтирганда, иқтисодиётнинг «қизиб кетиши» — талабнинг ишлаб чиқариш ва хизматлар таклифидан тезроқ ўсиб кетиши билан боғлиқ. Бундай вазиятда нархлар ошиши, кредит ва ресурсларга талаб кучайиши мумкин. Шу сабабли инфляцияни назорат қилиш ҳам муҳим.

 

Юқори иқтисодий фаоллик инфратузилмага ҳам қўшимча юклама беради. Ишлаб чиқариш ва хизматлар кенгайгани сари электр энергияси, транспорт, сув, йўл ва логистика хизматларига талаб ортади. Агар инфратузилма иқтисодиёт билан бир хил тезликда ривожланмаса, ишлаб чиқариш харажатлари ошиши ёки айрим ҳудудларда электр ва транспорт таъминотидаги муаммолар кучайиши мумкин.

 

Чунки иқтисодий ўсиш билан бирга аҳоли сони ва истеъмол талаби ҳам ошиб бормоқда. Яъни  9–10 фоизлик ўсишга интилишнинг ўзи етарли эмас — бундай суръатни кўтара оладиган энергетика, транспорт, сув ва бошқа инфратузилма ҳам керак

Муаллиф: Диёра Хабибуллаева

 

Teglar

Mavzuga oid