Ўзбекистон Президенти Туркияга боради
Шавкат Мирзиёев Анқарада Ражаб Тойиб Эрдўған билан музокаралар ўтказади.
© Фото: president.uzЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифига биноан 29 январ куни расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Анқара шаҳрида икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Музокара мавзулари
Музокараларда Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари диққат марказида бўлади.
Сиёсий мулоқотни ривожлантириш, товар айирбошлашни ошириш, устувор иқтисодий тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, фаол маданий ва гуманитар алмашинувларни давом эттириш масалалари ҳам кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.
Олий даражадаги музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, икки мамлакат етакчилари қатор қўшма тадбирларда иштирок этадилар.





