Ўзбекистонликлар энг кўп қайси пулдан фойдаланади?

13.02.2026 | 18:372 daqiqa

2025 йил давомида аҳоли қўлида 100 000 сўмлик банкнотлар улуши сезиларли қисқариб кетди. Аксинча, 200 000 сўмлик пуллар улуши ошмоқда. Аҳоли майда пулдан кўра йирик пуллардан кўпроқ фойдаланяпти.

Ўзбекистонликлар энг кўп қайси пулдан фойдаланади? © Foto: spot.uz

Марказий банк томонидан 2025 йил учун Нақд пул муомаласи шарҳи тақдим қилинди

Маълумотларга кўра, йил якунлари бўйича мамлакатда нақд пуллар миқдори 15 трлн сўмга кўпайиб, 68 трлн сўмга етган. Умумий пул массаси эса 379 трлн сўмгача ўсди. 

Бир вақтнинг ўзида умумий пул массасидаги муомаладаги нақд пуллар улуши йил давомида 19,2 фоиздан 18,1 фоизгача камайди. Бу мамлакатда одамлар нақд пулдан нисбатан камроқ фойдаланаётганини кўрсатади. 

Нақд пуллар сони ҳам кўпаймоқда

2025 йилда Марказий банк томонидан қўшимча нақд пулларнинг муомалага чиқарилиши натижасида банкнотлар умумий сони 262 млн донага кўпайди ва 2,45 млрд донани ташкил қилмоқда.

1


Ўз навбатида, муомаладаги нақд пуллар таркибида уларнинг миқдори бўйича 200 000 сўмлик банкнотлар улуши 2025 йилда 23,4 фоиздан 28,5 фоизга етди.

100 000 сўмлик банкнотлар улуши эса 40,9 фоиздан 36,4 фоизга камайди. Бу асосан эски намунадаги банкнотларни муомаладан чиқариш ҳисобига шаклланган. 

Шунга қарамай, аҳолида энг кўп фойдаланиладиган пул айнан 100 000 сўмлик банкнота бўлиб турибди. 1000 сўмгача бўлган тангалар эса энг кам фойдаланилмоқда. 

Ҳозирда банкнотлар кесимида 50 000 сўмлик улуши 18,2 фоизни, 20 000 сўмлик улуши 7,1 фоизни, 10 000 сўмлик улуши 5 фоизни, 5 000 сўмлик улуши 3,7 фоизни ташкил қилмоқда. 

Муомаладаги эски намунадаги банкнотларни босқичма-босқич қайтариб олиш ва уларни янгилари билан алмаштириш чоралари натижасида, 5 000 сўмлик банкнотлар таркибида эски намунадаги банкнотлар миқдори 2024 йилдаги 25 фоиздан 2025 йилда 7 фоизга пасайган. 

Бу кўрсаткич 10 000 сўмлик банкнотларда 24 фоиздан 5 фоизга, 50 000 сўмлик банкнотларда 25 фоиздан 4 фоизга ва 100 000 сўмлик банкнотларда 18 фоиздан 3 фоизга қисқарди. 


2

Нақд пулларнинг банклараро ҳаракатини эркинлаштириш, бунда Марказий банк иштирокини камайтириш мақсадида “Нақд пулларнинг электрон майдони” платформаси доимий тарзда такомиллаштириб борилди. 

2025 йилда мазкур тизимнинг фойдаланувчилари 922 тани ташкил этиб, бир ойда ўртача 15 трлн сўмлик амалиётлар бажарилган.


Teglar

Mavzuga oid