Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилади

Bugun 20:042 daqiqa

Марказ резидентлари учун капиталнинг эркин ҳаракати ва репатриацияси, эркин валюта операциялари, замонавий тўлов воситалари, жумладан, рақамли активлар билан ишлаш, имтиёзли солиқ режими, соддалаштирилган виза тартиби каби кенг имкониятлар яратилади.

Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилади © Foto: president.uz

Бугун, 25-март куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда банк тизимида исломий молия механизмларини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишди.

«Кўплаб халқаро компаниялар минтақавий хавф-хатарларни баҳолаб, янги бозорларни ўрганишни бошлаган. Бу биз учун тарихий имконият. Шу вазиятда фурсатни бой бермасдан, халқаро молия компанияларини ўзимизга тезроқ жалб қилишимиз шарт», – деди Президент.

тақдимотда мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган учта устувор йўналиш – халқаро молия ва рақамли технологиялар марказларини ташкил этиш ҳамда исломий молия хизматларини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Халқаро молия маркази ташкил этилади

Тошкент халқаро молия маркази муҳокама қилинар экан, ушбу марказ янги турдаги инвестицияларни жалб қилиш ва барқарор иқтисодий ўсишнинг самарали воситаси бўлиши қайд этилди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача молия маркази иқтисодиётга қўшимча 20-25 миллиард доллар жалб қилиш, ялпи ички маҳсулот ўсишига ҳар йили қўшимча 1 фоизгача ҳисса қўшиш, 15 мингтагача янги юқори малакали иш ўрни яратиш, 10 минг нафар мутахассис малакасини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Марказ фаолияти учун махсус ҳуқуқий режим жорий этиш кўзда тутилган. Бунда Англия ва Уэльснинг умумий ҳуқуқи марказ тўғрисидаги қонунга зид бўлмаган даражада татбиқ қилинади, марказнинг бошқарув органлари ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қабул қилиш ваколатига эга бўлади, низоларни кўриб чиқишга ихтисослашган Тошкент халқаро тижорат суди ва халқаро арбитраж маркази фаолияти йўлга қўйилади.

Марказ резидентлари учун капиталнинг эркин ҳаракати ва репатриацияси, эркин валюта операциялари, замонавий тўлов воситалари, жумладан, рақамли активлар билан ишлаш, имтиёзли солиқ режими, соддалаштирилган виза тартиби каби кенг имкониятлар яратилиши белгиланган. Молия-инвестиция ва банк фаолияти, суғурта, рақамли активлар, қимматли қоғозлар, тўлов тизимлари ва хизматлари, молиявий технологиялар билан боғлиқ хизматлар марказнинг асосий фаолият йўналишлари бўлади.

Teglar

Mavzuga oid