Тожикистон президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади

Ташриф доирасида стратегик шерикликни кучайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш масалалари муҳокама қилинади.

Тожикистон президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 26–27 март кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади. Ташриф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан амалга оширилади.

Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ўтказилиб, икки давлат етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ташкил этилади. Унда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим масалалар кўриб чиқилади.

Хусусан, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини чуқурлаштириш, стратегик шериклик ва иттифоқчиликни ривожлантириш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шунингдек, сиёсий мулоқотни кучайтириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кун тартибидан жой олган.

Иқтисодий соҳада савдо айланмасини ошириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда транспорт боғлиқлигини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, сув ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш ҳам муҳокама марказида бўлади.

Музокаралар давомида давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади. Шу билан бирга, кўп томонлама форматлардаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилади.

Ташриф якунлари бўйича қатор янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid