Logo

«Халқ банки»нинг бешта БХМ биноси 15,1 млрд сўмга сотилди

Bugun 15:153 daqiqa

Бинолар 18–60 ойга фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотилди. Улар Хоразм, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида жойлашган.

«Халқ банки»нинг бешта БХМ биноси 15,1 млрд сўмга сотилди

«Халқ банки»га тегишли Хоразм, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидаги бешта банк хизматлари маркази биноси аукционда сотилди. Савдолар 3–7 август кунлари ўтказилган.

Объектларнинг умумий бошланғич қиймати 14,4 млрд сўм эди. Якуний нарх эса 15,1 млрд сўмни ташкил қилди. Натижада бинолар бошланғич қийматидан 719,1 млн сўм ёки 5 фоиз қимматга сотилган.

Энг қиммат объект — Сирдарё туманидаги БХМ биноси 5,13 млрд сўмга «RRA Avtoritet» МЧЖга сотилди. Унинг бошланғич нархи 4,89 млрд сўм эди.

Икки қаватли бинонинг умумий майдони 1 126,2 квадрат метр, ер майдони эса 0,25 гектарни ташкил қилади. Харид қийматини 36 ой давомида бўлиб тўлаш мумкин.

Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги БХМ 3,42 млрд сўмга сотилди. Харидор сифатида Ҳамдамбек Худойберганов кўрсатилган.

2

«Оқтепа» маҳалласида жойлашган икки қаватли бинонинг майдони 913,3 квадрат метр. Тўлов муддати 18 ой этиб белгиланган.

Янгибозор туманидаги БХМ биноси учун «Brilliant Food Market Shop» МЧЖ 3,1 млрд сўм таклиф қилган. Бу бешта объект орасида майдони энг каттаси — 1 325,3 квадрат метр.

3

Бино 0,22 гектар ерда жойлашган ва 15 та хонадан иборат. Тўловни 18 ойга бўлиб амалга ошириш мумкин.

Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги БХМ 2,5 млрд сўмга Иброҳим Ҳошимовга сотилди. «Лойиш» маҳалласидаги бинонинг умумий майдони 605,6 квадрат метрни ташкил қилади.

4

Бу объект бўйича ҳам қолган тўловни 18 ой давомида фоизсиз тўлашга рухсат берилган.

Бешта объект ичида энг арзони Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги БХМ бўлди. Бино 940,6 млн сўмга Жаҳонгир Дўсановга сотилган.

Унинг майдони 382 квадрат метр. Харид қийматининг қолган қисмини 60 ойга бўлиб тўлаш мумкин.

5

Бешта бинонинг умумий майдони 4,35 минг квадрат метр, уларга тегишли ер майдони эса 0,81 гектарни ташкил қилади.

Савдо шартларига кўра, харидорлар қийматнинг камида 25 фоизини олди-сотди шартномаси тузилгандан кейин 10 кун ичида тўлаши керак.

Қолган 75 фоиз объектга қараб 18, 36 ёки 60 ой давомида устама фоизсиз ундирилади. Мулк ҳуқуқи харид қиймати тўлиқ тўланганидан кейингина харидор номига расмийлаштирилади.

Порталда Гулистон БХМ ғолиби объект қийматини тўлагани ва шартнома имзоланишини кутаётгани кўрсатилган. Янгибозор лоти иштирокчи розилигини кутиш босқичида. Қолган учта лот бўйича эса аукцион якунланган.

Лот ҳужжатларида биноларни сотиш бўйича банк бошқаруви ва кузатув кенгаши қарорлари келтирилган. Бироқ БХМлар нима сабабдан сотилаётгани ҳамда банк хизматлари шу ҳудудларда бошқа манзилга кўчириладими ёки қисқартириладими — бунга изоҳ берилмаган.

Банкларда филиаллар сони қисқариб, БХМлар кўпаймоқда

«Халқ банки» айрим БХМ биноларини сотган бир пайтда, Ўзбекистон банкларида бундай марказлар сони кўпайиб бормоқда.

2026-йил 1-январь ҳолатига кўра, мамлакат банкларига тегишли БХМлар сони 1 729 тани ташкил қилган. Бу 2024-йилдан бери энг юқори кўрсаткич.

БХМлар сони маълум бир даврда камайиб бораётган эди. Бироқ ўтган йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб уларнинг сони яна секинлик билан ўса бошлаган.

БХМлар банклар учун филиалларга нисбатан арзонроқ формат ҳисобланади. Уларда саноқли ходим ишлайди ва бу банкдан камроқ харажат талаб қилади.

Аксинча, банк филиаллари сони кескин камайган. 2023-йилнинг бошида Ўзбекистон бўйлаб банкларнинг 832 та филиали мавжуд эди. Ҳозирга келиб уларнинг сони 288 тагача қисқарган.

Бу даврда банкларнинг 24/7 шохобчалари сони сезиларли даражада кўпайган. 2023-йил бошидан бери уларнинг сони қарийб уч баробар ошиб, 5 615 тага етган.

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 263

Barchasi

Mavzuga oid

«Халқ банки»нинг бешта БХМ биноси 15,1 млрд сўмга сотилди | Vaqt.uz