Янги ҳафтада жазирамали кунлар сақланиб туради

19.07.2025 | 22:003 daqiqa

Келгуси ҳафта Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво асосан кам булутли ва қуруқ келиши кутилмоқда. Бир қатор вилоятларда ҳарорат +45 даражагача, шамол тезлиги эса сониясига 18 метргача етиши мумкин.

Янги ҳафтада жазирамали кунлар сақланиб туради
UzHydroMet маълумотларига кўра, 21–24 июл кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди. Кундузи ҳарорат +40 даражагача кўтарилиши мумкин. Шамолнинг кучайиши фонида айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин. Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам шунга ўхшаш об-ҳаво шароити сақланиб қолади. Кечалари +24…+29 даражагача, кундузи эса +38…+43 даражагача иссиқ бўлади. Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкентда 21–22 июл кунлари ҳарорат +38…+43 даражагача кўтарилиши, 23–24 июл кунлари эса +36…+41 даража атрофида бўлиши айтилмоқда. Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида об-ҳаво янада иссиқ кечиши мумкин. 21–22 июл кунлари ҳарорат +40…+45 даражагача етиши мумкин, кейинги икки кунда бу кўрсаткич бироз пасайиб, +38…+43 даража атрофида бўлади. Андижон, Наманган ва Фарғонада ҳам ҳаво бироз булутли, лекин ёмғирсиз ва иссиқ бўлади. Ҳарорат +35…+40 даражагача етиши мумкин. Шамол тезлиги 5–10 м/с атрофида бўлиши кутилмоқда. Республика тоғли ҳудудларида кундузи ҳарорат +30…+35 даража атрофида бўлиши, кейинчалик +27…+32 даражагача пасайиши кутилмоқда. Кечалари +19…+24 даражагача салқинроқ бўлиши мумкин. Баъзи жойларда шамол тезлиги сониясига 18 метргача кучайиши эҳтимоли бор.

Teglar

Mavzuga oid