
2026 йилда Хитойда автомобил экспорти камайиши мумкин
Талаб камаётганлиги ва жаҳон иқтисодидаги ўзгаришлар Хитой автомобил бозорида ўсишни секинлаштириши прогноз қилинмоқда.

Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси 2026 йилда Хитойда автомобиллар савдоси ва экспорт ҳажмлари секинлашишини прогноз қилмоқда. Ассоциацияга кўра, бозордаги суст талаб ва ташқи иқтисодий омиллар ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатади.
Маълумотларга кўра, 2026 йилда автомобиллар савдоси атиги 1 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2025 йилда қайд этилган 9,4 фоизлик ўсишдан анча паст. Ассоциация ички бозорда харидорлик фаоллиги сезиларли даражада сусайганини таъкидламоқда.
Электромобиллар ва гибридлар сегментида ҳам ўсиш суръатлари пасайиши кутилмоқда. Агар 2025 йили мазкур тоифадаги автомобиллар савдоси 28,2 фоизга ошган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 15,2 фоизгача тушиши мумкин.
Шунингдек, прогнозларга кўра, автомобил экспорти ҳажми 4,3 фоизга ўсиши мумкин. Таққослаш учун, 2025 йилда Хитой автомобил экспорти кутилганидан юқори бўлиб, 21,1 фоизлик ўсиш қайд этилганди.
Ассоциация ички талабнинг етарли эмаслигини аҳолининг даромадлар бўйича ноаниқ кутилмалари ва иш ўринлари барқарорлигига доир хавотирлар билан боғламоқда. Шунингдек, янги автомобилларни «нол юришли» қўлланилган авто сифатида арзонлаштириб сотиш амалиётига нисбатан назорат кучайтирилиши қисқа муддатда ички бозорда захиралар босимини ошириши мумкин.
Бундан ташқари, геосиёсий ноаниқликлар, савдо ва иқтисодий зиддиятлар экспортга қўшимча босим ўтказиши кутилмоқда. Хитой автоконцернларининг ишлаб чиқаришни хорижда маҳаллийлаштиришга уриниши ҳам экспортнинг пасайишига олиб келиши мумкин.





