
Андижонда ўсмир дўстини пичоқлаб ўлдирди
Булоқбоши туманида 17 ёшли ўсмир ва унинг таниши ўртасида келиб чиққан жанжал фожиали якунланди.

Андижон вилоятида вояга етмаган шахс ўз танишини пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, фожиа 2026 йил 6 февраль куни Булоқбоши тумани ҳудудида юз берган. 17 ёшли ўсмир аввалроқ ўзига таниш бўлган ёшига тенг йигит билан ўзаро келишмовчиликка борган. Илгари келиб чиққан низо жанжалга айланган. Можаро вақтида гумонланувчи хўжаликда ишлатиладиган пичоқдан фойдаланган ҳолда жабрланувчига бир неча маротаба тан жароҳати етказган. Оғир жароҳатлар оқибатида жабрланувчи воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.
Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси — қасддан одам ўлдириш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи вояга етмаган бўлишига қарамай, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





