Logo

Тошкентдаги кўп қаватли уйлар ҳовлисидан автотураргоҳлар олиб ташланади

Kecha 10:202 daqiqa

Автотураргоҳлардан бўшаган майдонлар аҳолининг дам олиши, болалар ўйнаши ва сайр қилиши учун мослаштирилади.

Тошкентдаги кўп қаватли уйлар ҳовлисидан автотураргоҳлар олиб ташланади © yandexmaps

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовлисидан автотураргоҳлар ва автомобил йўлакларини ҳудуддан ташқарига чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги «15 дақиқали қулай муҳит» лойиҳаси доирасида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан берган хабарида маълум қилинди.

Лойиҳа ғоясига кўра, боғча, мактаб, оилавий поликлиника, маиший хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканлари аҳоли яшаш жойидан пиёда 15 дақиқалик масофада жойлашиши керак. Ушбу тизим орқали аҳолининг кундалик юмушларига камроқ вақт кетиб, оила, ҳордиқ чиқариш ва мулоқот учун кўпроқ вақт қолиши мақсад қилинган.

Маҳаллалар ичида болалар аравачаси билан сайр қилиш, сояда нафас ростлаш ёки қўшнилар билан суҳбатлашишга мўлжалланган хиёбонлар ҳамда серсоя йўлаклар барпо этилади. Шунингдек, ҳудудларда болалар ва катталар учун спорт майдончалари ҳамда учрашув жойларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида маҳалла кўчаларида замонавий видеокузатув тизимлари ва фавқулодда вазиятларда ёрдам чақириш имконини берувчи кўзга ташланадиган SOS тугмалари ўрнатилиши белгиланган.

«Лойиҳанинг вазифаси — одамлар ўртасидаги одатий ришталарни, ўзаро ҳурмат ва ёрдамга тайёрлик ҳиссини сақлаб қолган ҳолда маҳаллаларни янада қулай ва хавфсиз масканга айлантиришдир», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Мазкур ўзгаришлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 14-октябр куни Тошкент шаҳрида маҳаллаларни ободонлаштириш, янги мактаб ва боғчалар қуриш ҳамда шаҳар муҳитини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишуви ортидан амалга оширилмоқда. Пойтахтда «15 дақиқалик маҳалла» тамойили асосида 2027-йилда 100 та, 2030-йилга бориб эса жами 400 та маҳаллани комплекс янгилаш режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid