add

АҚШ Венесуэла яқинида яна бир нефт танкерини ушлади

Kecha 21:552192 daqiqa

Трамп фармонидан сўнг АҚШ ҳарбийлари Кариб денгизида нефт ташувчи кемаларга босимни кучайтирмоқда.

АҚШ Венесуэла яқинида яна бир нефт танкерини ушлади

АҚШ ҳарбийлари Венесуэла соҳиллари яқинида навбатдаги нефт танкерини қўлга олди. Ҳодиса АҚШ президенти Доналд Трампнинг Венесуэлага кириб-чиқаётган, Америка санкциялари остида бўлган барча нефт танкерларини тўлиқ блокировка қилиш тўғрисидаги буйруғидан бир неча кун ўтиб рўй берди.

Венесуэла ҳукумати мазкур ҳаракатни халқаро ҳуқуқни бузиш ва очиқдан-очиқ ўғирлик сифатида баҳолади. Каракас расмийлари АҚШнинг бу қадамлари жазосиз қолмаслигини таъкидлаб, зарур чоралар кўрилишини, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

Бу икки ҳафта ичида нефт танкерининг қўлга олиниши билан боғлиқ иккинчи ҳолат ҳисобланади. Эътиборли жиҳати шундаки, бу сафар тўхтатилган Centuries кемаси АҚШ санкциялари остида бўлмаган. ОАВ маълумотларига кўра, танкер Панама байроғи остида ҳаракатланган ва Осиё томон йўл олган бўлган.

Сўнгги ҳафталарда АҚШ Венесуэла қирғоқларида ҳарбий кучларини оширмоқда. Вашингтон бу ҳаракатларни наркотрафикка қарши кураш билан изоҳламоқда. Бироқ Каракасда буни мамлакат табиий ресурслари, айниқса нефт устидан назорат ўрнатиш ва ҳукуматни алмаштиришга қаратилган босим сифатида қабул қилишмоқда.

Маълум қилинишича, сентябр ойидан бери АҚШ Кариб денгизида гиёҳванд моддалар савдосида гумон қилинган 20 дан ортиқ кемани тўхтатган. Ушбу операциялар давомида камида 87 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Маълумот учун, 10 декабр куни эса АҚШ ҳарбийлари Эрон билан алоқалари учун санкцияларга учраган Skipper номли йирик нефт танкерини ҳам қўлга олган эди. 20 декабр кунги сўнгги операция АҚШ қирғоқ қўриқлаш хизмати томонидан ҳарбийлар кўмагида, халқаро сувларда амалга оширилган.

Teglar

Mavzuga oid