Logo

Европада 12 та йўловчи самолётига бомба ўрнатилгани ҳақида хабар юборилди

Bugun 08:302 daqiqa

Парвозларга қирувчи самолётлар ҳамроҳлик қилган.

Европада 12 та йўловчи самолётига бомба ўрнатилгани ҳақида хабар юборилди © Photograph: Gonzalo Fuentes/Reuters

Европа бўйлаб парвоз қилаётган камида 12 та йўловчи самолётига бортга портловчи қурилма ўрнатилгани ҳақида огоҳлантиришлар келиб тушди, оқибатда бир қатор рейслар йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда 5 ноябрь куни «Sky News» телеканали маълум қилди.

Хабарларга кўра, Дублиндан Римга учаётган Ирландиянинг «Aer Lingus» авиакомпанияси самолёти Франциядаги Эвре ҳарбий базасига йўналтирилган. «Finnair» авиакомпаниясининг Хельсинкидан Римга учаётган самолётига эса Италия ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари ҳамроҳлик қилган. Шунингдек, Болгария ҳаво ҳудудида «Ryanair» компаниясининг иккита самолёти ҳам қирувчилар назорати остига олинган.

Маълум қилинишича, «LOT», «Wizz Air» ва «Aegean Airlines» авиакомпанияларининг Европанинг турли аэропортларига йўл олган рейсларига ҳам бомба таҳдиди ҳақида хабарлар юборилган. Парвозлар тўхтатилиб, самолётлар кўздан кечирилганда ҳеч қандай портловчи қурилма топилмаган.

Италиянинг «ANSA» агентлиги хабарига кўра, Италия ҳудудида қабул қилинган таҳдид хабарлари «„Мужское государство“ жангчилари» номидан юборилган. Бироқ ушбу Россия интернет-ҳаракатининг мазкур воқеаларга ҳақиқатан ҳам алоқаси бор-йўқлиги ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, 3 ноябрь куни ҳам Европа бўйлаб ҳаракатланган камида еттита рейсга бортда бомба борлиги ҳақида худди шундай ёлғон хабарлар келиб тушган ва текширувлар натижасида ҳеч қандай хавф аниқланмаган.

Европа давлатлари расмийлари ёлғон миналаштириш тўғрисидаги ушбу кетма-кет хабарларга кимлар алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳозирча расмий баёнот бергани йўқ.

Teglar

Mavzuga oid