Logo

«Дом»да бизнес очишнинг янги тартиби, 72 млрд доллардан ошган давлат захираси ва хусусийлаштиришга қайтаётган «олтин акция» — 9 сентябр дайжести

Kecha 23:105 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бaир бор эсга оламиз.

«Дом»да бизнес очишнинг янги тартиби, 72 млрд доллардан ошган давлат захираси ва хусусийлаштиришга қайтаётган «олтин акция» — 9 сентябр дайжести

«Дом»ларнинг биринчи қаватида бизнес очиш соддалаштирилмоқда: энди турар жой тоифасини ўзгартириш шарт эмас

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш мақсадида кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида бизнес очиш тартиби соддалаштирилиши маълум қилинди. Эндиликда фуқаролар ўз хонадонларини нотурар жой тоифасига ўтказмасдан туриб, фақат хабардор қилиш тартиби асосида сартарошхона, кичик савдо дўкони ва маиший хизмат кўрсатувчи устахоналарни очишлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, иш ўринларини кўпайтириш мақсадида давлат банклари балансидаги қарийб 10 триллион сўмлик 2,5 мингта мол-мулкни қайта ишга тушириш ёки сотиш орқали 40 мингга яқин янги иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, бандликни рағбатлантириш мақсадида 1 октябрдан бошлаб эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхоналар учун ушбу ходимлар бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 2 фоиз этиб белгиланади. Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилалар фарзандларини бепул ўқитиш шарти билан мактаб ва боғчалар қурувчи тадбиркорларга ерларни имтиёзли аукционга чиқариш, маҳаллалардаги бўш бинолардан касб-ҳунар ўргатишда фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Ушбу жараёнларни ва «маҳалла еттилиги» фаолиятини ягона тизимда самарали бошқариш учун Бош вазир ўринбосари лавозими жорий этилиб, соҳадаги барча масалалар марказлашган ҳолда мувофиқлаштирилиши белгиланди.

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар қайта йўлга қўйилиши мумкин

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида зиёрат туризми ва туристик алмашинувни кенгайтириш мақсадида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Оққулов ҳамда Индонезия Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Ирфан Юсуф учрашувида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини Жакарта билан боғлаш режалари кўриб чиқилди. Шунингдек, сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Индонезиядан турист олиб келадиган маҳаллий туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 доллардан давлат субсидиясини ажратиш имкониятлари келишиб олинди.

Музокаралар доирасида Индонезия бозорига мўлжалланган «Умра плюс» дастурини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу лойиҳа орқали ҳар йили Саудия Арабистонига йўл оладиган 2 миллиондан ортиқ индонезиялик зиёратчилар учун «Жакарта–Самарқанд ёки Бухоро–Жидда–Жакарта» йўналишида қўшимча сафарларни ташкил этиш кўзда тутилган. Тўғридан-тўғри рейсларнинг тикланиши орқали Ўзбекистон 2026–2027 йилларда Малайзия ва Индонезиядан жами 100 минг нафар турист жалб қилишни мақсад қилган.

Хусусийлаштирилган стратегик корхоналарда давлатнинг махсус ҳуқуқи сақланиб қолиши мумкин

2026 йил 28 августдаги президент фармонига асосан, стратегик аҳамиятга эга корхоналар хусусийлаштирилганидан кейин ҳам давлат уларнинг фаолиятида иштирок этиш бўйича махсус ҳуқуқни ўзида сақлаб қолиши мумкин. Миллий хавфсизлик, иқтисодий барқарорлик ва жамоат манфаатларини таъминлаш мақсадида қўлланадиган ушбу механизм ҳақида харидор-инвесторлар савдодан олдин огоҳлантирилиши шарт. Бу тартиб 2022 йилда бекор қилинган ва давлатга бошқарувда иштирок этиш ваколатини берувчи «олтин акция» институтини эслатса-да, ҳозирча давлатнинг аниқ ваколатлари ва бу ҳуқуқ татбиқ этиладиган корхоналарнинг аниқ рўйхати (аввалги стратегик корхоналар қаторида НКМК, ОКМК, «Ўзбекнефтгаз», UzAuto Motors кабилар бор эди) очиқланмаган.

Мазкур янгилик умумий қиймати 100 триллион сўмга баҳоланаётган кенг кўламли хусусийлаштириш дастурининг бир қисми ҳисобланади. Дастур доирасида 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улуши, 1 242 та кўчмас мулк ва қарийб 8 минг гектар ер савдога чиқарилиб, йил якунигача камида 14 триллион сўм тушум олиш кўзда тутилган. Шунингдек, аввалги савдоларда сотилмаган 84 та актив 1 миллион сўм бошланғич нарх билан қайта аукционга қўйилади ҳамда давлат иштирокидаги 85 та корхона тугатилади ёки қайта ташкил этилади.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 72 млрд доллардан ошди

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари август ойида 7,78 млрд долларга (12,1 фоизга) ошиб, жами 72,13 млрд долларга етди ва февраль ойидан буён энг юқори кўрсаткични қайд этди. Бу ўсиш асосан жаҳон бозорида олтин нархининг қимматлашиши ҳамда захирадаги олтиннинг физик ҳажми 13,85 миллиондан 14,11 млн троя унциягача (қарийб 438,8 тонна) кўпайиши ҳисобига таъминланди. Натижада, Марказий банк омборларидаги олтиннинг умумий қиймати қарийб 16 фоизга ўсиб, 64,92 млрд долларни ташкил қилди.

Олтин захираларининг сезиларли ўсиши фонида мамлакатнинг валюта активларида қисқариш кузатилди. Хусусан, август якунида валюта захиралари ҳажми 1,01 млрд долларга камайиб, 6,64 млрд долларни ташкил этди (бунда бошқа банклардаги нақд валюта ва депозитлар ҳажми 17,3 фоизга пасайиб, 4,87 млрд долларга тушган). Хорижий қимматли қоғозлар ҳажми эса деярли ўзгаришсиз қолиб, 1,76 млрд доллар атрофида сақланиб қолди. Маълумот ўрнида, аввалроқ «Fitch Ratings» Ўзбекистон халқаро захиралари таркибидаги олтин улуши бўйича дунёда биринчи ўринда туришини таъкидлаган эди.

Ўзбекистоннинг қўшнилари билан савдоси қандай ўзгарди?

2026 йилнинг январ–июл ойларида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги тўрт қўшни давлат билан ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,2 фоизга ошиб, 5,4 млрд долларга етди (бу мамлакат умумий ташқи савдосининг 10,9 фоизини ташкил этади). Минтақа билан савдо таркибида экспорт 34,5 фоизга ўсиб 2 млрд долларни, импорт эса 24,8 фоизга кўпайиб 3,4 млрд долларни ташкил қилган. Экспорт суръати тезроқ ўсаётган бўлса-да, савдо балансидаги манфий сальдо 1,38 млрд долларни ташкил этмоқда.

Минтақадаги энг йирик савдо ҳамкори Қозоғистон бўлиб, икки томонлама савдо 3,3 млрд долларга етган (минтақавий савдонинг 61 фоизи), бироқ унда импорт (2,4 млрд доллар) экспортдан (868 млн доллар) қарийб уч баравар кўп. Туркманистон билан савдода ҳам импорт устунлиги (савдо ҳажми 779,4 млн доллар; импорт 657,5 млн, экспорт 121,8 млн доллар) сақланиб қолган. Аксинча, Қирғизистон (жами савдо 776,7 млн доллар; экспорт 575,8 млн доллар) ва Тожикистон (жами савдо 565 млн доллар; экспорт 437,5 млн доллар) йўналишларида Ўзбекистоннинг экспорти импортдан сезиларли даражада юқори бўлиб, энг юқори ўсиш суръатлари ҳам айнан ушбу икки давлат ҳиссасига тўғри келган.

Teglar

Mavzuga oid

«Дом»да бизнес очишнинг янги тартиби, 72 млрд доллардан ошган давлат захираси ва хусусийлаштиришга қайтаётган «олтин акция» — 9 сентябр дайжести | Vaqt.uz