Logo

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 72 млрд доллардан ошди

Бир ойда захиралар ҳажми 7,78 млрд долларга ошиб, феврал ойидан буён энг юқори даражага етди. Ўсиш асосан олтин захираларининг қиймати ошиши ва физик ҳажми кўпайиши ҳисобига таъминланди.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 72 млрд доллардан ошди © planet-today.com

Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари 72,13 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Маълумотларга кўра, бу кўрсаткич февраль ойидан бери қайд этилган энг юқориси бўлди. Захиралар август ойида 7,78 млрд долларга ёки 12,1 фоизга ошган.

Марказий банк омборларидаги олтин қиймати августда 8,8 млрд долларга ёки 15,69 фоизга ўсиб, 64,92 млрд долларга етди. Шу билан бирга, олтиннинг физик ҳажми ҳам бир ойда 13,85 млн унциядан 14,11 млн троя унциягача кўпайди. Бу тахминан 438,8 тонна олтинга тенг.

Ўсишга асосий сабаб жаҳон бозорида олтиннинг қимматлашиши ва захираларда физик ҳажмининг ортиши бўлди. Август ойида жаҳон бозорида олтин нархи сезиларли кўтарилди.

Ой бошида бир троя унция олтин тахминан 4 минг доллар атрофида бўлган бўлса, 5 августда нарх юқори чўққига чиқиб, бир унция учун 4,7 минг долларга яқинлашди. Ой якунида эса бозорда мўътадил коррекция кузатилиб, нарх 4 450 доллар атрофида шаклланди.

Натижада Ўзбекистон захираларидаги олтиннинг доллардаги қиймати бир ойда қарийб 16 фоизга ошди.

Валюта активлари қисқарди

Бироқ захираларнинг валюта қисми қисқарди: август якунида унинг ҳажми 6,64 млрд долларни ташкил этиб, бир ойда 1,01 млрд долларга ёки 13,29 фоизга камайди.

Бошқа банклардаги ҳисобварақларда сақланаётган нақд валюта ва депозитлар ҳажми 17,3 фоизга қисқариб, 4,87 млрд долларга тушди. Унга бошқа мамлакатларнинг марказий банклари ва Халқаро валюта жамғармасидаги (ХВЖ) 1,09 млрд доллар (-10,56 фоиз), шунингдек, хорижий тижорат банкларидаги 3,77 млрд доллар (-19,1 фоиз) киради.

Шу билан бирга, Марказий банк балансидаги хорижий қимматли қоғозлар ҳажми деярли ўзгармади. Август ойи охирида улар 1,76 млрд долларни ташкил этиб, ой давомида 0,2 фоизга ўсди. Бироқ жами захиралар ҳажми тезроқ ошгани сабабли уларнинг улуши 2,74 фоиздан 2,45 фоизга тушди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Fitch Ratings» Ўзбекистон халқаро захиралари таркибидаги олтин улуши бўйича дунёда биринчи ўринда туришини маълум қилганди. Шунингдек, агентлик Ўзбекистонни олтин нархининг ўсишидан энг катта фойда кўрган, бироқ нархлар кескин пасайса, энг кўп таъсирланиши мумкин бўлган давлатлардан бири сифатида баҳолаганди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 72 млрд доллардан ошди | Vaqt.uz