Logo

Дунё брендлари ва Ўзбекистон: Бозорга кимлар келди ва кимлар кетди?

Bugun 20:1611 daqiqa

Сўнгги йилларда Ўзбекистон бозорида халқаро брендлар сони сезиларли даражада кўпайди. Автомобилдан тортиб кийим-кечак, умумий овқатланиш, электрон тижорат ва рақамли хизматларгача бўлган турли соҳаларда янги хорижий компаниялар пайдо бўлди. Vaqt.uz яқин тарихда Ўзбекистонга кириб келган ва бозорни тарк этган жаҳон брендларини таҳлил қилди.

Дунё брендлари ва Ўзбекистон: Бозорга кимлар келди ва кимлар кетди?

2026 йилда Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони мамлакат мустақилликка эришгандан буён илк бор 20 мингтадан ошди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозир мамлакатда чет эл инвестицияси иштирокидаги жами 20 минг 502 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 4 минг 611 таси қўшма ва 15 минг 891 таси тўлиқ хорижий корхоналардир. Сўнгги беш йил ичида бундай бизнес субъектларининг умумий сони 1,4 баробарга ўсган.

Ўзбекистон бозорига сармоя киритиш бўйича 6 минг 60 та корхона билан Хитой мутлақ етакчилик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни Россия (3 минг 454 та) ва Туркия (2 минг 293 та) корхона билан эгаллаб турибди. Қуйида сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига кириб келган машҳур брендларни соҳалар кесимида батафсил таҳлил қиламиз.

Автомобиль бозори: Монополия таъсири камайдими?

Ўзбекистон автомобиль бозори сўнгги йилларда сезиларли даражада ўзгарди. Илгари одамлар сифат ва нархдан қанча норози бўлмасин, бозордаги ягона таклиф берувчидан машина сотиб олишга мажбур эди. Аммо ҳозир асосан маҳаллий ишлаб чиқарувчининг автомобиллари устун бўлган бозор, аста-секин хорижий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам очилмоқда. Аввал анъанавий ички ёнув двигателли автомобиллар, кейинчалик эса электромобиль ва гибридлар, шунингдек, премиум сегментдаги моделлар пайдо бўлди.

Volkswagen ва Skoda Европа автосаноатининг мамлакатимизга кириб келиши Германиянинг Volkswagen гуруҳидан бошланди. 2020 йил июль ойида компания Ўзбекистонга ўзининг машҳур Caddy моделларини тақдим этди. Куз фаслига келиб эса гуруҳ таркибидаги Чехиянинг Skoda бренди ҳам расман савдони бошлади. Харидорларга асосан тўлиқ ўлчамли, беш ва етти ўриндиқли «Kodiaq» кроссоверлари таклиф этилди.

Chery, EXEED ва OMODA 2022 йилдан эътиборан Хитой автокомпанияларининг мамлакатимизга кириб келиши тезлашди. Июль ойида Chery бренди Ўзбекистонда расмий савдоларни бошлади ва ўз дилерлик тармоғини 7 та йирик шаҳар бўйлаб кенгайтирди. Кўп ўтмай, ушбу компания ўзининг ҳашаматли автомобилларга ихтисослашган EXEED ва ёшлар аудиториясига мўлжалланган OMODA суббрендларини ҳам бозорга олиб кирди.

BYD 2023 йил 23 январь куни UzAuto ва янги энергия манбаларида (NEV) ҳаракатланувчи автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича дунёда «Tesla»ни ҳам ортда қолдирган BYD гиганти расман «BYD Uzbekistan Factory» қўшма корхонасини тузди. Бу BYD компаниясининг Хитойдан ташқаридаги илк ҳамкорлик лойиҳаси эди.

Компания бозорга «Chazor 05 DM-i», «Song Plus DM-i» (гибрид) ва «Han» (электромобиль) моделларини олиб кирди. Автомобиллар тўлиғича ўзбекистонликлар учун мослаштирилди — интерфейс ва овозли ёрдамчи ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишлайдиган бўлди. Шунингдек, расмий кафолатли сервис тизими ҳам ишга туширилди.

Zeekr ва Neta 2024 йил Ўзбекистонда «яшил автомобиллар» йилига айланди. Geely Holding Group компаниясига тегишли премиум электромобиль бренди — Zeekr Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги Қозоғистондан кейинги иккинчи муҳим бозор сифатида танлади. Бугунги кунда компания харидорларга «Zeekr 001», «001 All new», «007», «X» ва «7X» каби илғор моделларини расман таклиф қилмоқда. Шунингдек, 2024 йил октябрь ойида Хитойнинг яна бир инновацион бренди «Neta» (Hozon New Energy Automobile) «Neta X» электромобили билан бозоримизда рўйхатдан ўтди. Бундан ташқари, Хитойнинг Haval, Geely Auto ва Li Auto, Франциянинг Renault, Буюк Британиянинг тарихий Morris Garages, 2024 йилда Германиянинг Porsche  компанияси ҳам Ўзбекистон автомобиль бозорига кириб келди.

Кийим-кечак ва чакана савдо

Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг 28,5 фоизи савдо соҳасига тўғри келади. Сўнгги йилларда халқаро мода брендлари ҳам мамлакат бозорида ўз дўконларини очишни бошлади. Бунда замонавий савдо марказларининг кўпайиши ҳам муҳим рол ўйнади. Масалан, 250 минг квадрат метр майдонга эга «Tashkent City Mall»нинг ишга туширилиши бир қатор халқаро брендларнинг Ўзбекистонда расмий дўкон очишига имкон берди.

Inditex гуруҳи: Zara, Massimo Dutti ва бошқалар 2024 йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ритейл бозорида дунёнинг мода брендлари пайдо бўлди. Пойтахтдаги энг йирик мажмуалардан бири бўлган «Tashkent City Mall»нинг очилиши Испаниянинг «Inditex» мода корпорациясига тегишли қатор машҳур брендларнинг расман кириб келишига замин яратди. Истеъмолчилар эндиликда Zara, Zara Home, Massimo Dutti, Oysho, Bershka, Stradivarius ва Pull&Bear каби дўконлардан хизмат кўрсатишнинг халқаро стандартлари асосида тўғридан-тўғри фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

brend Calvin Klein

Boss, Calvin Klein ва қатор глобал номлар Худди шу йили Германиянинг машҳур Boss бренди ҳам мамлакатда ўзининг илк расмий дўконини ишга туширди. Компания ребрендинг сиёсатига мувофиқ «Z» авлоди учун Hugo ва миллениаллар учун Boss брендларини таклиф этмоқда. Шунингдек, халқаро бозорда ўз ўрнига эга бўлган Calvin Klein, Converse, NewYorker, OVS ва Terranova брендлари ҳам пойтахтдаги савдо майдонларида ўз нуқталарини расман очди.

brend hugo

Sinsay — LPP Group Мода саноатидаги сўнгги йирик кириб келишлардан бири 2025 йилда юз берди. Reserved, House, Cropp, Mohito каби брендларига эгалик қилувчи Польшанинг йирик «LPP Group» компанияси ўзининг арзон сегментга йўналтирилган Sinsay бренди билан Ўзбекистон бозорида иш бошлади. Шунингдек, Россиянинг Stilpark ва Sportmaster кийим брендлари ҳамда 2022 йилда бозорга кириб келган Россиянинг Wildberries маркетплейси мамлакатнинг кийим-кечак секторига энг катта таъсир кўрсатган платформалардан бирига айланди.

Умумий овқатланиш, озиқ-овқат ритейли ва электрон хизматлар

Ўзбекистон иқтисодиётида рақобат кузатилган яна бир йўналиш — бу умумий овқатланиш, озиқ-овқат ритейли ва рақамли хизмат кўрсатиш соҳаларидир. Маҳаллий бозорга жаҳон даражасидаги фастфуд тармоқлари ҳамда электрон тижорат платформаларининг кириб келиши истеъмолчиларга янги қулайликлар яратди. Истеъмолчилар анъанавий хизматлардан ташқари йирик онлайн бозорлар ва масофавий хизматлардан ҳам фаол фойдаланишга ўтди.

Озиқ-овқат ва супермаркетлар тармоғи

Бозорда йирик чакана савдо тармоқлари ўз ўрнини мустаҳкамлашни бошлади. 2020 йилда Франциянинг Carrefour ҳамда Россиянинг Fix Price дўконлари иш бошлаган бўлса, 2021 йилда Қозоғистоннинг Magnum, Cash&Carry гипермаркетлари тармоғи очилди. Уларнинг ортидан 2022 йилда Франциянинг яна бир тармоғи — bi1 дўконларини ишга туширди. 2024 йилда эса Қозоғистоннинг Galmart ритейлери халқаро миқёсдаги илк савдо нуқтасини пойтахтда очди.

Умумий овқатланиш тармоқлари

Яқин йилларда бу секторда ҳам халқаро франчайзалар сони сезиларли ортди. Буюк Британиянинг Costa Coffee тармоғи 2023 йилда пойтахтда илк шохобчаларини очди. 2024 йилда пицца бозорида: Американинг Papa John’s тармоғи пойтахт бўйлаб 15 та филиал очган бўлса, худди шу йили Domino’s Pizza ҳам олтита филиали билан фаолият бошлади.

2025 йилда ҳам овқатланиш секторида янги иштирокчилар пайдо бўлди. Декабрь ойида АҚШнинг 1950-йилларда ташкил топган афсонавий Burger King халқаро тармоғи илк филиалини очди. Шу билан бирга, ноябрда Американинг Krispy Kreme донат тармоғи, март ойида эса Россиянинг «dark-kitchen» (маҳсулотни фақат етказиб бериш ва олиб кетиш моделида ишловчи) Yobidoyobi суши бренди бозорга кирди.

Электрон тижорат ва рақамли хизматлар платформаси

Рақамли хизматлар бозори ҳам энг фаол ўсган йўналишлардан бирига айланди. 2023 йилда Ozon электрон бозори иш бошлади. Транспорт ва етказиб бериш хизматларида ҳам халқаро агрегаторлар — inDriver (йўловчи ва юк ташиш) ҳамда Украинанинг Uklon (2023) такси хизмати ўз фаолиятини бошлади.

Озиқ-овқат ва товар етказиб бериш соҳасида Yandex компанияси ўз экотизимини доимий равишда кенгайтириб борди. Дастлаб тайёр таомлар етказувчи Yandex Eats, сўнгра Yandex Lavka (2024) тизими ишга туширилди. 2025 йилнинг апрель ойида эса ушбу экотизим доирасида электроника ва кийим-кечакларни ҳам қамраб олувчи Yandex Go Market электрон савдо платформаси иш бошлади.

Шу билан бирга, Финляндиянинг 28 та давлатда ишловчи Wolt хизмати 2024 йилда бозорга кириб, маҳаллий етказиб бериш соҳасидаги рақобатни янада кучайтирди. Халқаро рақамли сервислар қаторида ўзбек тилига мослашган Россиянинг Litres электрон китоблар хизмати ҳамда 2023 йили OpenAI компаниясининг ChatGPT нейротармоғи иш бошлади.

IT ва молия

Телекоммуникация соҳасида сифатни ошириш ва янги технологияларни жорий этиш мақсадида Россиянинг USM Telekom ва MegaFon компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорликда Digital Holding қўшма корхонасини ташкил этди. Лойиҳа доирасида Ucell операторининг юз фоиз улуши ушбу холдингга ўтказилди ва Россия томони инфратузилмани ривожлантириш учун 100 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритди.

Молия ва банк секторида ҳам ўзгаришлар бўлди. 2020 йилда Грузиянинг TBC банки ҳамда финтех, мобиль алоқа ва савдони бирлаштирган халқаро Humans хизмати фаолият бошлади. 2024 йилда АҚШнинг Citigroup глобал молия гуруҳи Тошкентда ўз расмий ваколатхонасини очди. 2025 йилда Binance криптобиржаси ва Telegram экотизимидаги Wallet лойиҳалари лицензия асосида расман ишга тушди.

Ишбилармонлик фаоллиги ва сармоядорлар оқимининг ортиши пойтахт ва ҳудудларда туризм ҳамда меҳмонхона инфратузилмасига бўлган эҳтиёжни оширди. Американинг машҳур Hilton тармоғи ўзининг 21 қаватли, 258 хонага эга Hilton Tashkent City меҳмонхонаси фаолиятини бошлади. Кейинчалик халқаро Reikartz тармоғи ўз эътиборини ҳудудларга қаратиб, Бухоро ва Қўқон шаҳарларида меҳмонхоналар очди. Ушбу йўналишдаги яна бир йирик лойиҳалардан бири 2025 йилда маълум қилинди — Тошкент вилоятининг Чорвоқ сув омбори ҳудудида умумий қиймати 5 миллиард долларга баҳоланаётган Sea Breeze Uzbekistan халқаро туризм маркази қурилиши рўйхатдан ўтказилди.

Қайси брендлар Ўзбекистон бозорини тарк этди?

Ҳар қандай очиқ иқтисодиётда рақобат ва қатъий қонун-қоидалар мавжуд. Хорижий компанияларнинг бозорга кириб келиши қанчалик табиий жараён бўлса, уларнинг айримлари маълум сабабларга кўра бозорни тарк этиши ҳам нормал иқтисодий ҳолатдир.

Чакана савдо тармоғи

Redtag Бирлашган Араб Амирликларининг масс-маркет йўналишидаги йирик кийим-кечак бренди Ўзбекистон бозорида 13 йил фаолият юритган халқаро тармоқлардан бири бўлди. Дастлаб Корзинка тармоғи ичида ривожланган бренд 2020 йилда мустақил компанияга айланиб, «RTF FASHION RETAIL» (муассислар: Комил Ҳошимов 75%, Зафар Ҳошимов 25%) бошқарувига ўтган эди. Гарчи харидорлар орасида машҳур бўлса-да, компания сўнгги олти йилни молиявий зарар билан якунлади. Оқибатда, 2026 йил июнь ойида дўконлардаги товарларни тўлиқ сотиб тугатиш ва тармоқни ёпиш қарори эълон қилинди.

Қозоғистоннинг энг йирик савдо тармоғи бўлган Magnum пойтахтда 5 та супермаркет ва 1 та гипермаркет билан фаолият юритди. Ушбу компания 2021 йилда Ўзбекистон бозорига кириб келганди. Бироқ 2025 йилнинг ёзига келиб бренд Ўзбекистон бозорини бутунлай тарк этди.

Электрон тижорат ва етказиб бериш хизматлари

Хитойнинг «PDD Holdings» компаниясига тегишли Temu 2024 йилда ўз фаолиятини Ўзбекистонда ҳам бошлаган эди. Ушбу глобал маркетплейс 2024 йил охирида Ўзбекистонда энг оммабоп иловалардан бирига айланганди. Аммо 2025 йил 20 март куни Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) томонидан илова фаолияти чекланди. Финляндиянинг озиқ-овқат етказиб берувчи Wolt тармоғи кучли рақобат майдонида узоқ тура олмади ва 2024 йилда бошлаган фаолиятини 2026 йил 5 мартдан расман якунлади.

Молия ва авиация 

Евроосиё банки Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида асос солинган ушбу банк 2024 йил январь ойида Ўзбекистонда лицензия олган эди. Бироқ банк амалда ишга тушмади. 2025 йил 1 август ҳолатига унинг капитали бор-йўғи 104 млрд сўмни ташкил этгани ва 500 млрд сўмлик энг кам устав талабини бажармагани учун 27 август куни Марказий банк томонидан унинг лицензияси бекор қилинди ва мажбурий тугатиш белгиланди.

Венгриянинг йирик лоукостер авиакомпанияси Wizz Air 2022–2023 йилларда Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига парвозларни бошлаган эди. Бироқ Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият, талабнинг пасайиши ва Абу Дабидаги қўшма корхонанинг ёпилиши сабабли компания 2025 йил сентябрь ойидан Ўзбекистонга парвозларни тўлиқ тўхтатди.

Нега хорижий брендларни жалб қилиш муҳим?

Ўзбекистонга халқаро компаниялар оқимини кўпайтириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент томонидан хорижий брендлар билан ишлайдиган корхоналар учун махсус имтиёзлар белгиланган. Хусусан, 2023 йил 18 декабрь куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида қуйидаги енгилликлар жорий этилганди:

  • Харажатларни қоплаш: Нуфузли халқаро брендлар билан иш бошлаган корхоналарга стандартлаштириш, экология ва сертификат олиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

  • Божхона имтиёзлари: Маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказган ҳолда бренд остида маҳсулот ишлаб чиқарувчилар зарур хомашё импорти учун божхона тўловларидан озод қилинади.

  • Тадбиркорларга енгиллик: Ўз маҳсулотининг камида 30 фоизини халқаро бренд остида ишлаб чиқарадиган маҳаллий тадбиркорларга хорижий инвесторлар учун белгиланган имтиёзлар татбиқ этилади.

  • Тўловлардан озод қилиш: Йирик брендлар лойиҳаларига жалб этилган хорижий мутахассислар (технолог, дизайнер ва маркетологлар) Ўзбекистонда ишлаганлик учун ундириладиган тўловлардан озод қилинади.

Дунё брендларининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши иқтисодиётга қандай таъсир қилади?

Биринчидан, солиқ тушумларининг ортиши. Миллий статистика ва солиқ маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи 97 та хорижий компания давлат буджетига 143,8 млрд сўм солиқ тўлаган, бу 2025 йилга нисбатан 84 фоизга ўсиш дегани. Қуйида электрон хизмат кўрсатувчи гигант компанияларнинг тўлаган солиқ улушлари:

  • Apple — 33,6 млрд сўм;

  • Google — 33,3 млрд сўм;

  • Meta — 28,9 млрд сўм;

  • Valve Corp — 15,8 млрд сўм;

  • Anthropic — 6,3 млрд сўм;

  • OpenAI — 5,6 млрд сўм;

  • Midasbuy — 2,9 млрд сўм;

  • Booking.com — 2,6 млрд сўм;

  • TikTok — 1,6 млрд сўм;

  • Anysphere — 1,5 млрд сўм.

Бундай йирик тўловлар иқтисодиётни легаллаштирибгина қолмай, давлат буджетига тўғридан-тўғри тушум қилади.

Иккинчидан, соғлом рақобат муҳити ва хизмат сифатининг ошиши. Бозорда йирик халқаро компанияларнинг иш бошлаши мавжуд монополияни ва рақобатсиз бозор шароитини бузади. Натижада маҳаллий бизнес ҳам ўз мижозини ва даромадини йўқотмаслик учун мажбурий равишда хизмат сифатини ва нарх сиёсатини халқаро стандартларга мослаштиришга ўтади.

Учинчидан, янги касблар ва корпоратив иш ўринлари. Жаҳон брендлари ўзи билан бирга бошқарув усуллари, хавфсизлик ва сифатли инсон ресурсларини бошқариш (HR) механизмларини олиб киради. Бундай компаниялар маҳаллий кадрларни ёллаб, халқаро тажриба асосида ўқитади. Бу жараён меҳнат бозоридаги норасмий ва кафолатланмаган иш ўринлари улушини қисқартириб, ёшлар учун барқарор корпоратив иш ўринларини яратади.

Тўртинчидан, дунё билан ҳамнафаслик ва очиқ истеъмол маданияти. Замонавий истеъмолчилар, хусусан ёш авлод доимо глобал трендлар билан қадам ташлашни истайди. Бозорнинг очиқлиги одамларнинг энг сўнгги гаджетлардан тортиб, илғор сунъий интеллект хизматларигача ўз мамлакатида қонуний фойдалана олиши, иқтисодий-психологик фаровонлигини таъминлайди. Шунингдек, биргина халқаро бренднинг бирор давлат бозорига муваффақиятли кириб келиши бошқа ўнлаб инвесторлар учун ўзига хос «хавфсизлик сигнали» вазифасини бажаради. Бу эса хорижий капитал оқимининг тезлашишига, янада кўпроқ дунё брендларининг кириб келишига туртки бўлади.

Дунё брендларининг Ўзбекистон бозорида кўпайиши иқтисодий ўсишни тезлаштирувчи ва янги имкониятлар яратувчи муҳим омиллардан биридир. Бироқ ушбу тенденция бардавом бўлиши ҳамда йирик хорижий инвесторлар ишончини тўла қозониш учун мамлакатда сиёсий барқарорлик, шаффоф ва адолатли солиқ муҳитини ва қонунларнинг амалда қатъий ишлашини таъминлаш керак.

Teglar

Mavzuga oid

Дунё брендлари ва Ўзбекистон: Бозорга кимлар келди ва кимлар кетди? | Vaqt.uz