Logo

Ўзбекистон ва Озарбойжон абадий дўстлик бўйича шартнома тузди

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев «Абадий дўстлик тўғрисида»ги шартнома ҳамда Олий давлатлараро кенгаш учинчи йиғилишининг қарорини имзолади. Томонлар савдо, инвестиция, туризм, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор ҳужжатларни қабул қилди.

Ўзбекистон ва Озарбойжон абадий дўстлик бўйича шартнома тузди

23-август куни Тошкентда Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари тарихий ҳужжат — «Абадий дўстлик тўғрисида»ги шартномани имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев «Абадий дўстлик тўғрисида»ги шартнома ҳамда Олий давлатлараро кенгаш учинчи йиғилишининг қарорини имзолади.

Давлат раҳбарлари ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

— Пенсия таъминоти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

— Маданият соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

— Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

— 2030-йилга қадар товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича дастур;

— Инвестициялар ва савдо соҳасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси;

— Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2027–2028-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

— Адлия вазирликлари ўртасида 2027–2028-йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;

— Кинология соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

— Урганч ва Хонкенди, Бухоро ва Лочин, Урганч ва Нахчивон шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги баённомалар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбойжон президенти Илҳом Алиев рафиқаси Меҳрибон Алиева ҳамроҳлигида 23-август куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Кўксарой қароргоҳида Илҳом Алиевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди. Алиев Ўзбекистон президентини «Ҳайдар Алиев» ордени билан тақдирлади. Ўз навбатида, Озарбойжон раҳбарига Ўзбекистоннинг «Олий Даражали Дўстлик» ордени топширилди.

Teglar

Mavzuga oid