Кибертаҳдидларга қарши янги институт ташкил этилди
Ўзбекистонда Криптология, ахборот хавфсизлиги ва инновацион технологиялар институти ташкил этилди. У кибертаҳдидларга қарши техник воситалар ишлаб чиқиш, идораларни киберхавфсизлик талабларига мувофиқлигини текшириш вазифаларини бажаради.
© yandex mapsЎзбекистон президенти 20-август куни «Ўзбекистон Республикаси Криптология, ахборот хавфсизлиги ва инновацион технологиялар институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Янги институт Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Радиоэлектрон тизимлар ва ахборот технологиялари маркази негизида ташкил этилди. У мазкур марказнинг барча ҳуқуқ, мажбурият ва вазифалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Институт криптология, ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик, сунъий интеллект, катта маълумотлар, рақамли криминалистика ва бошқа замонавий технологиялар соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш билан шуғулланади.
Шунингдек, у ушбу йўналишларда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ташкил этади, давлат буюртмалари доирасида фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этади.
Текшириш ва сертификатлаш
Институт киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда фойдаланиши чекланган ахборотни криптографик ва техник ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва сертификатлаш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари, жумладан муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича экспертиза ўтказади.
Институт ахборот тизимлари ва ресурсларининг ҳимояланганлик даражасини баҳолайди, киберхавфсизликни таъминлаш бўйича кўрилаётган ташкилий чоралар самарадорлигини аниқлайди.
Фойдаланиши чекланган ахборот қайта ишланадиган объектлар ҳамда муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини ахборот ва киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича аттестациядан ўтказиш ҳам янги институт вазифалари қаторига киритилди.
Ходимлари учун имтиёзлар
Қарорга кўра, институтда криптология, ахборотни ҳимоя қилиш ва киберхавфсизлик ихтисосликлари бўйича олий таълимдан кейинги таълим ташкил этилади.
Институт республикадаги ва хориждаги илмий-тадқиқот ҳамда ўқув муассасаларининг етакчи мутахассисларини жалб қилиши, ўқув-илмий, илмий-ишлаб чиқариш ва консалтинг марказларини ташкил этиши мумкин.
Институт ходимлари ва жалб қилинадиган мутахассисларга Тошкент вилоятидан бирламчи бозордаги уй-жойни сотиб олиш учун имтиёзли ипотека кредити ажратилади. Дастлабки бадал уй-жой қийматининг камида 15 фоизини ташкил этади, кредит эса 20 йил муддатга берилади.
Қарор билан институтнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси ҳам ташкил этилади. У сертификатлаш, пуллик хизматлар, техник воситаларни сотиш ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.





