Энди биржада сотилган пахтанинг ҳар тоннасига 500 минг сўмдан субсидия берилади
У пахтани биржада сотган фермерга ҳам, уни сотиб олган кластерга ҳам ажратилади. Ўз ерида пахта етиштирган кластерлар эса гектарига 1,5 млн сўмдан субсидия олади.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Улуғнорда пахтадан озуқа экинларига ўтказилган 5 минг гектар майдон камида 10 минг бош қорамол боқиш, дала четларидаги ерлардан самарали фойдаланиш орқали ҳам чорвачиликни кенгайтириш мумкинлиги тушунтирилди.
Йил якунигача шундай майдонларнинг камида 200 гектарида чорва боқиш учун шароит яратиш, Улуғнор ва Бўстонда йирик чорвачилик комплекслари лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди.
Балиқчида ишга туширилган 20 миллион долларлик товуқ гўшти комплекси тажрибаси асосида Жалақудуқда 4 та, Хўжаободда 3 та шундай комплекс лойиҳасини бошлаш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, Улуғнордаги 1 минг 200 гектар майдонда Балиқчи тумани тажрибаси асосида балиқчилик кластери ташкил этилади.
Жалақудуқ, Марҳамат, Асака ва Андижон туманларидаги адир ерларини иқтисодий айланмага киритиш бўйича янги чоралар белгиланди. Алоҳида «Агростар» компанияси ташкил этилиб, баҳоргача 4-5 минг гектар майдонга сув чиқариш ва шафтоли, гилос, ўрик, олхўри каби саноатлашган боғларни барпо этиш бошланади. Боғлар уч йил парваришланиб, аҳолига тайёр ҳолда таклиф қилинади. Ушбу мақсадга 30 миллион доллар, адирларга сув чиқариш учун эса 200 миллиард сўм ажратилади.
Вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотнинг ҳозирча 16 фоизи қайта ишланаётгани қайд этилди. Айтилишича, кичик ускуналарни аҳолига лизингга бериш ва туман брендларини яратиш орқали бу кўрсаткични 30 фоизга, экспортни 500 миллион долларга етказиш мумкин.
Мева-сабзавотчиликда «гектардан – максимал қиймат» тамойилига ўтилади. Кичик қайта ишлаш ускуналарини лизингга бериш учун 100 миллиард сўм йўналтирилади.
Балиқчида 5 гектарда ташкил этилган иссиқхона лойиҳаси республика бўйлаб оммалаштирилади. Бунга 300 миллиард сўм, шу жумладан, Андижонга 50 миллиард сўм ажратилади.
Ташқи бозорда пахтага талаб пасайиб, экспортда логистика харажатлари ошиб бораётган шароитда фермерлар, кластерлар ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чоралари эълон қилинди.
Пахтани биржада сотган фермерга ҳам, уни сотиб олган кластерга ҳам ҳар тонна учун 500 минг сўмдан субсидия берилади. Ўз ерида пахта етиштирган кластерлар эса гектарига 1,5 миллион сўмдан субсидия олади.
Мутасаддиларга тайёр маҳсулот экспортчиларининг хорижий валютадаги кредитлари бўйича фоизларнинг 5 фоиздан, миллий валютадагисининг 14 фоиздан ошган қисмини уч йил давомида компенсация қилиш бўйича ҳисоб-китобларни киритиш топширилди.
Шунингдек, маркетплейслар орқали сотилган маҳсулот қийматининг 3 фоизини қайтариш масаласи бўйича таклифлар тайёрланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда энди 500 млн сўмгача лойиҳаларни кредитлашда бизнес-режа талаб этилмаслиги ҳақида ёзган эдик. 9 та давлат банкига бир ойда бизнесни ўстиришга кўмаклашадиган 20 та янги банк маҳсулотини таклиф этиш вазифаси қўйилди.





