Ҳафталик нархлар: бозорда нарх-наво қандай?
Сентябрнинг биринчи ярмидан бозорда сабзавотлар ва гўшт нархи ошган бўлса, мевалар нархи арзонлаша бошлади. Айниқса, гўштнинг энг юқори нархи пойтахтда, туман ва шаҳарлар кесимида эса Тошкент туманида қайд этилди.

16-сентябр ҳолатига кўра, сабзавотлар, жумладан, помидор ва картошка каби маҳсулотлар нархи 3 фоизгача ошди. Бироқ мевалар бозорида мавсумий омиллар сабаб лимон, олма ва узум каби маҳсулотлар нархи аксинча 3,1 фоизгача пасайди.
Vaqt.uz Марказий банкнинг «narxtahlil.uz» платформаси маълумотлари асосида ҳафталик озиқ-овқат нархларини анъанавий тарзда ўрганиб боради.
Кундалик маҳсулотлар
Ҳафта давомида кундалик харид қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархида катта ўзгариш кузатилмади. Хусусан, бир литр кунгабоқар ёғи 21 минг 423 сўм, пахта ёғи эса 20 минг 209 сўм билан ўзгаришсиз қолди.
Биринчи навли ун нархи ҳам 6 минг 240 сўм билан ўзгармади. Биринчи навли ундан тайёрланган нон эса 6 минг 291 сўмдан сотилмоқда.
Тухум нархи эса бироз ошиб, 11 минг 917 сўмга етди. Шунга қарамай, бу маҳсулотларда кузатилган ўзгаришлар жуда кичик бўлиб, тухум нархи атиги 2,8 фоизга ёки 400 сўмга қимматлаган.
Қуйидаги жадвалда 5 та асосий маҳсулотларнинг нархлари берилган.
Кундалик маҳсулотлар
Ҳафта давомида кундалик харид қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархида катта ўзгариш кузатилмади. Хусусан, бир литр кунгабоқар ёғи 21 минг 423 сўм, пахта ёғи эса 20 минг 209 сўм билан ўзгаришсиз қолди.
Биринчи навли ун нархи ҳам 6 минг 240 сўм билан ўзгармади. Биринчи навли ундан тайёрланган нон эса 6 минг 291 сўмдан сотилмоқда.
Тухум нархи эса бироз ошиб, 11 минг 917 сўмга етди. Шунга қарамай, бу маҳсулотларда кузатилган ўзгаришлар жуда кичик бўлиб, тухум нархи атиги 2,8 фоизга ёки 400 сўмга қимматлаган. Қуйидаги жадвалда 5 та асосий маҳсулотларнинг нархлари берилган.

Сабзавотлар
Сабзавотлар орасида помидор нархининг ошиши давом этди. Унинг ўртача нархи 3,2 фоизга кўтарилиб, 7 минг 807 сўмга етди. Бир ҳафта олдин бир килограмм помидор 7 минг 565 сўмдан сотилган эди.
Бунга мавсумий таъминотдаги ўзгаришлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ёзги очиқ майдон ҳосили камайгани сари бозорда иссиқхона помидорининг улуши ортади. Бу эса таклиф ва нархга таъсир қилади.
Помидор қимматлашган бўлса, бодрингда аксинча, нарх бироз пасайди. Бодрингнинг ўртача нархи 0,8 фоизга тушиб, 7 минг 489 сўмни ташкил этди. Бир ҳафта аввал у 7 минг 551 сўмдан сотилган эди.
Картошка эса помидор каби қимматлашди, унинг нархи 3 фоизга ошиб, 4 минг 563 сўмга етди. Сабзи ва пиёзда ўзгариш анча кичик бўлиб, иккаласи ҳам 0,6 фоиздан қимматлаган. Уларнинг ўртача нархи мос равишда 5 минг 387 ва 2 минг 649 сўм бўлди.
Шу тариқа, ҳафталик нархлар ҳар бир маҳсулотда турлича шаклланди. Помидор ва картошка қимматлаган бўлса, бодринг нархи пасайди, сабзи ва пиёз нархида эса ўзгариш жуда кам бўлди.

Мевалар
Мевалар нархида ҳафта давомида умумий пасайиш кузатилди. Олма нархи 1,2 фоизга камайиб, 18 минг 262 сўмга тушди. Бир ҳафта олдин унинг ўртача нархи 18 минг 355 сўм эди.
Нокда эса ўзгариш янада кичик бўлиб, нарх 0,5 фоизга пасайиб, 18 минг 262 сўмни ташкил қилди.
Узум нархи ҳам аввалги ҳафтага нисбатан пасайди. Унинг ўртача нархи 12 минг 309 сўмга тушиб, ҳафталик ўзгариш 1,3 фоизни ташкил этди. Лимон эса нархи энг кўп арзонлаган мева бўлди. Бир килограмми ҳафта давомида унинг нархи 1 минг 465 сўмга арзонлаб, 45 минг 731 сўмга тушди. Фоиз ҳисобида бу 3,1 фоизлик пасайишга тенг.
Бозордаги нархлар билан статистикадаги кўрсаткичлар орасида фарқлар анча катта. Масалан, олма 6–30 минг, нок 13–40 минг, узум 12–50 минг, лимон 22–42 минг сўм оралиғида сотилмоқда. Бу нархлар меванинг нави, тури, сифати ва сотиладиган жойига қараб фарқланади.

Ҳудудлар кесимида гўшт нархлари қандай?
9–16-сентябр ҳолатига кўра, гўшт маҳсулотлари нархлари бироз қимматлади. Ҳафта давомида мол гўшти нархи 0,9 фоизга, қўй гўшти эса 0,7 фоизга ошган. Хусусан, бир килограмм мол гўшти ўртача 122 минг 453 сўм, қўй гўшти эса 134 минг 127 сўмни ташкил қилган. Яъни, республика бўйича қўй гўшти мол гўштидан ўртача 11 минг 674 сўм қимматроқ бўлган.
Гўшт маҳсулотлари нархидаги ҳафталик ўзгариш ҳудудлар кесимида турлича шаклланган.

Manba: Markaziy bank «narxtahlil» platformasidan
Энг юқори нарх Тошкент шаҳрида қайд этилди. 16-сентябр ҳолатига кўра, пойтахтда 1 кг мол гўштининг ўртача нархи 131 минг 404 сўмни ташкил қилиб, республика бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлди. Қорақалпоғистонда эса нарх анча паст бўлиб, 1 кг мол гўшти ўртача 114 минг 288 сўмдан сотилган.
Мол гўшти нархининг ҳафталик ўзгаришида энг катта ўсиш Қашқадарёда кузатилди. Бу ерда нарх 3,93 фоизга ошган. Самарқанд ва Жиззахда ҳам мол гўшти мос равишда 2,99 ва 2,15 фоизга қимматлаган.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда нархлар деярли ўзгармади. Бухоро ва Навоийда ўсиш 0,01 ва 0,02 фоиз билан чекланган. Тошкент вилоятида эса мол гўшти нархи 0,25 фоизга пасайган.
Ҳудудлар ўртасидаги нарх тафовути ҳамон сақланиб қолмоқда. 16-сентябр ҳолатига кўра, энг қиммат ва энг арзон ҳудуд ўртасидаги фарқ 17 минг 116 сўмни ташкил этди. Яъни, Тошкент шаҳрида 1 кг мол гўшти Қорақалпоғистонга нисбатан қарийб 15 фоиз қимматроқ бўлган.
Туман ва шаҳарлар кесимида эса нархлар янада юқори шаклланган. Мол гўштининг энг юқори ўртача нархи Тошкент туманида 135 минг 526 сўмни, қўй гўштиники эса Қарши шаҳрида 152 минг 308 сўмни ташкил қилган.
Ҳафталик ўсиш кичик бўлса-да, гўшт нархларидаги ҳудудий тафовут катта. Бир килограмм мол гўшти учун айрим ҳудудларда харидор 17 минг сўмдан кўпроқ ортиқча тўламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ҳиндистонда гўшт ишлаб чиқариб, уни ички бозорга олиб кириш бўйича лойиҳани амалга ошираётганини ёзган эдик. Лойиҳа доирасида гўшт Ҳиндистонда сўйилиб, халқаро ва ҳалол сертификатлар асосида тайёрланади ҳамда Ўзбекистонга экспорт қилинади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, бу йўналишда Ҳиндистоннинг йирик гўшт ишлаб чиқарувчи ва ҳалол маҳсулот экспортчиси «Allana Group» билан ҳамкорлик режалаштирилган. Маҳсулотни Туркиянинг Мерсин порти орқали етказиб бериш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.




