Сентябр ойида аҳоли энг кўп гўшт ва сут нархи ошганини сезди
Ушбу ойда аҳоли томонидан сезилган инфлация даражаси 9,2 фоизни ташкил этди. Энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида, энг пасти эса Наманган вилоятида қайд этилди.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaМарказий банк 2026-йил сентябр ойи якунлари бўйича аҳоли ўртасида ўтказилган инфляцион кутилмалар ва сезилган инфлация бўйича сўров натижаларини эълон қилди.
2 726 нафар респондент иштирок этган тадқиқотга кўра, сентябр ойида аҳоли томонидан сезилган инфлация даражаси ўтган ойга нисбатан 1,1 фоизга пасайиб, 9,2 фоизни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, пойтахт аҳолиси сезган инфлация 11,9 фоизга етган. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти (10,1 фоиз), Сирдарё вилояти (10 фоиз), Сурхондарё вилояти (9,9 фоиз), Қашқадарё (9,7 фоиз) ва Тошкент вилоятлари (9,4 фоиздан) жойлашган.
Энг паст кўрсаткичлар эса Наманган вилоятида (7,9 фоиз), Бухоро вилоятида (8,1 фоиз), Қорақалпоғистон Республикасида (8,5 фоиз) ва Жиззах вилоятида (8,5 фоиз) кузатилган.

Маҳсулотлар кесимида
Сўров иштирокчилари август-сентябр ойларида энг катта нарх ўсишини асосан гўшт ва сут маҳсулотларида сезганини билдирган. Бу тоифани респондентларнинг 56 фоизи қайд этган. Шунингдек, бензин ва ёқилғи нархлари ўсишини 53 фоиз, электр энергияси ва табиий газ тарифлари ошганини 36 фоиз иштирокчи таъкидлаган.
Нархлар ўсиши йўлкира ва ташиш, кафе-ресторан хизматлари, қурилиш материаллари, дори воситалари, тиббий хизматлар, таълим хизматлари, ижара ҳақи ва бошқа товар ҳамда хизматлар бўйича ҳам қайд этилган.

Тадқиқот натижалари даромад даражаси юқори бўлган аҳоли инфлацияни кўпроқ сезаётганини ҳам кўрсатди. Хусусан, ойига 30 млн сўмдан ортиқ даромадга эга респондентлар орасида сезилган инфлация 15,9 фоизни ташкил этган бўлса, ойлик даромади 2 млн сўмгача бўлганлар орасида бу кўрсаткич 7,7 фоиз бўлган.

Соҳалар кесимида энг юқори кўрсаткич пенсионерлар, туризм, маиший хизмат кўрсатиш, давлат ташкилотлари ходимлари орасида қайд этилган. Энг паст сезилган инфлация эса кафе-ресторанлар, талабалар ва савдо соҳаси вакиллари орасида кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонликлар энг кўп ёқилғи ва коммунал хизматлар нархи ошишидан хавотирда эканлиги маълум қилинганди.





