add

Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати сезиларли пасаяди

Bugun 10:491 daqiqa

22-24 январ кунлари республикада қор ёғиши, кучли шамол ва ҳароратнинг сезиларли пасайиши кутилмоқда.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати сезиларли пасаяди

Жорий йилнинг 22–24 январ кунлари Ўзбекистон ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келиши натижасида об-ҳаво шароити кескин ўзгаради. Ўзгидромет маълум қилишича, ушбу даврда республиканинг аксар ҳудудларида ёғингарчилик кузатилиб, асосан қор ёғиши кутилмоқда.

22 январ куни, шунингдек 23 январ куни кечаси ва эрталаб республика бўйлаб қор ёғиши эҳтимоли юқори. Айрим ҳудудларда йўл қопламаларида яхмалак ҳосил бўлиши мумкин, бу эса автотранспорт ҳаракатида қийинчиликлар келтириб чиқариши эҳтимолини оширади. Ҳайдовчилардан эҳтиёткорликка амал қилиш сўралади.

Тоғли ҳудудлардаги вазият

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 22–23 январ кунлари қор ёғиши давом этади, баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. Бу ҳолат тоғли йўллар ва довонларда ҳаракатни вақтинча чеклаш эҳтимолини ҳам юзага келади.

Республика бўйлаб жойларда шамол тезлиги секундига 15–20 метргача кучаяди. Айрим ҳудудларда эса шамолнинг тезлиги секундига 22–25 метргача етиши мумкин. Кучли шамол инфратузилма объектлари ва дарахтларга зарар етказиш хавфини оширади.

Ҳарорат кўрсаткичлари ҳам сезиларли даражада пасаяди. 22–24 январ кунлари кечалари ҳаво ҳарорати -3...-8 даража совуққача, кундуз кунлари эса -3 даража совуқ +2 даража илиққача бўлиши кутилмоқда. Республика шимолида эса кечалари -12...-15 даража совуқ, кундуз кунлари -2...-5 даража совуқ кузатилиши прогноз қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid