Logo

Ҳали кирилл имлосидан тўлиқ воз кечишга улгурмай, Ўзбекистонда алифбо янгиланиш арафасида. Ота-оналар қўлида плакат кўтариб вазирликка йиғилди, мактабда 9 ёшли болага магнит юттирилди. Сенат янги алифбони тасдиқлади.

Kecha 18:006 daqiqa

Ҳафта давомида содир бўлган воқеалар билан Vaqt.uz’да танишинг.

Қуронбоев кетди, курсисини бошқа эгаллади

Қуронбоевнинг ўрнига Мирзаев — Маҳаллалар уюшмасига янги раҳбар тайинланди. Ҳафта ишдан олиниш ва тайинловлар билан бошланди.

Уюшмага ташкил этилганидан, яъни 2024-йилдан бери Қаҳрамон Қуронбоев раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Ғофуржон Мирзаев номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланди ва у Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси лавозимига тайинланди.

Мирзаев бир пайтлар Сирдарё вилоятига ҳокимлик қилган. 2022-йилнинг ноябрида президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган, 2023-йил августдан бошлаб лавозими президентнинг кадрлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси дея ўзгартирилган.

Шунингдек, 8 йил ички ишлар вазири бўлган, ўтган йилдан буён президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Пўлат Бобожонов ҳам янги лавозимга тайинланди. Энди у Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари сифатида фаолият юритади.

Вазирлик олдида плакат кўтарганлар

9-сентябр тонги Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида қўлида касал болалари ва плакатлар билан турган ота-оналар акс этган видеоларнинг тармоқларда тарқалиши билан бошланди.

Мухбиримиз ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида воқеа жойига етиб борди.

Айтилишича, қизамиқдан оғриган болаларнинг ота-оналари ССВ олдида тўпланиб, ҳукуматдан зарур дорилар, тиббий ёрдам ва моддий ёрдам сўраган. Бу касалликка асосан COVID-19 пайтида туғилган болалар чалинган. Болаларнинг яқинлари масъуллардан беморларни даволаш, парваришлаш ҳамда йиллар давомида ечимини кутаётган тизимли муаммоларни ҳал этишда амалий кўмак берилишини сўради. Вазир Элдор Одилов йиғилганлар билан учрашди. Ота-оналарнинг сўзларига кўра, айрим болаларда касаллик аломатлари қизамиққа қарши эмлаш жараёнидан сўнг авж олган. Бошқалар эса фарзандлари қизамиқ билан оғриганидан бир неча йил ўтиб SSPE белгилари юзага чиққанини билдирмоқда.

Қизамиқ вируснинг оғир асорати бўлиб, одатда вирус билан оғриганидан бир неча йил ўтиб, бош мия ҳужайраларини шикастлай бошлайди. Касаллик белгилари қизамиқ билан оғриганидан сўнг дарҳол эмас, одатда 2 йилдан 10 йилгача вақт ўтгач намоён бўлади. Вирус шу давр мобайнида бош мия тўқималарида «яширин» ҳолатда сақланиб, мутацияга учрайди ва қайта фаоллашади.

Касаллик асосан 2 ёшгача бўлган даврда қизамиқ билан оғриган болаларда кўпроқ учрайди. Гўдакликда қизамиқни ўтказиб юборган болаларда SSPE ривожланиш хавфи юқори бўлади.

Vaqt.uz мухбирига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўша ерда йиғилган журналистларга вазият юзасидан изоҳ беришни маълум қилган. Бироқ вазирлик матбуот хизмати томонидан ҳеч қандай расмий муносабат берилмади.

Мактаб дарсликлари ҳам янги алифбога ўтказилади

Ўзбекистонликлар ҳали кирилл имлосидан воз кечолмай турган бир пайтда янги алифбони ҳазм қилиш бўсағасида турибди. Сенат янги таҳрирдаги алифбони маъқуллади. Агар ҳужжатни президент имзоласа, алифбода ўзгариш бўлади.

Ҳатто, мактаб дарсликлари ҳам янги алифбо асосида чиқарилади. Улар 2031-йилгача янгиланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтказилади.

Режага кўра, 2027-йилдан бошлаб биринчи синф дарсликлари янги алифбода чоп этила бошлайди. Кейинчалик юқори синфлар учун дарслик ва қўлланмалар ҳам босқичма-босқич янгиланади.

Вазир ўринбосари Азизбек Турдиев дарсликлар одатдаги янгиланиш даврийлиги асосида алмаштирилишини айтди. Яъни 1-синф дарсликлари ҳар йили, 2–4-синфлар уч йилда бир, 5–11-синфлар эса беш йилда бир янгиланади.

Шунингдек, ўқитувчи ва ўқувчиларни янги алифбога мослаштириш учун ҳар йили янги ўқув йили олдидан махсус семинарлар ўтказилиши режалаштирилган.

Муҳим жиҳат — қонун кучга киргач, имтиҳонлар ҳам қонунда белгиланган янги алифбода ўтказилади. Вазирлик бу жараёнга тайёрлигини ва қўшимча маблағ талаб этилмаслигини маълум қилди.

Йиғилишда сенатор Ҳусан Эрматов Ўзбекистон шу пайтгача амалда иккита алифбодан — кирилл ва амалдаги лотин ёзувидан — фойдаланаётганини айтиб, ҳукумат вакилига савол қўйди. У хоҳлаймизми-йўқми, газеталар ҳалигача кирилл ёзувида чиқаётгани ва тўлиқ лотин ёзувига ўтиш ҳозирча насиб этмаганини урғулади. У дейлик, лотин алифбоси танланган бўлса-да, ўтишнинг охирига етказилмаганига қатъиятнинг етишмаганини сабаб қилиб кўрсатди. У агар бу ерда ҳам етарлича қатъият бўлмаса, Ўзбекистонда бир вақтнинг ўзида учта алифбо ишлатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Чорвоқдаги фожиа

Чорвоқ сув омборида 3 киши чўкиб кетди. Ҳодиса 2-сентябр куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида содир бўлган.

ФВВ матбуот хизмати хабарига кўра, катерда сайр қилиш пайтида оила аъзоларидан бири — кичик ўғил — қутқарув нимчасидан фойдаланмаган ҳолда чўмилиш учун сувга тушган. Унинг оёқ томири тортишиб қолган ва чўка бошлаган. Унга ёрдам бериш мақсадида акаси ва отаси ҳам бирин-кетин сувга тушган. Оқибатда учаласи ҳам чўкиб кетган.

Қидирув ишларига фавқулодда вазиятлар вазири топшириғига асосан штаб фаолияти ташкил этилиб, қўшимча равишда Жиззах ва Сирдарёдан кучлар жалб этилди.

Орадан 7 кун ўтиб, ўғиллардан бирининг жасади топилди, 10-сентябрда эса яна бир ўғил ва отанинг жонсиз танаси ҳам топилди.

Профилактика инспекторларига янги ваколат

Энди маҳаллангизда турган машинангиз ҳам жаримага тортилиши мумкин. Ўзбекистонда профилактика инспекторларининг ваколатлари кенгайтирилди.

Президент қарорига кўра, энди профилактика инспекторлари биринчи марта содир этилган 17 турдаги кам аҳамиятли маъмурий ҳуқуқбузарлик учун огоҳлантириш бериши мумкин.

Шунингдек, уларга маҳалла кўчалари ва йўлакларида йўл ҳаракати қоидаларининг 4 турдаги бузилиши бўйича жарима қўллаш ваколати берилди. Бундан ташқари, туман ва шаҳар ички ишлар органлари раҳбари ёки унинг ўринбосарлари ваколатидаги 9 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ҳуқуқи ҳам инспекторларга берилади.

Янги тартибдан асосий мақсад — маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳолининг профилактика инспекторларига бўлган ишончини ошириш.

Шу билан бирга, инспекторларга хизмат вазифасига кирмайдиган қўшимча топшириқлар бериш тақиқланади.

Калтақланган курьер

Тошкентда 6-сентябр куни 52 ёшли кўп қаватли уй қоровули 20 ёшли курьерни бинога киргизмай, уни урди ва ҳақоратлади. Воқеа ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида катта резонансга сабаб бўлди ва қоровул майда безорилик ортидан 10 суткага қамалди.

Ўзбекистон олтин-валюта захираси ортмоқда

Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари 72 миллиард доллардан ошди.

Марказий банк маълумотларига кўра, август ойида мамлакат захиралари 7,78 миллиард долларга ёки 12,1 фоизга ошиб, 72,13 миллиард долларга етган. Бу феврал ойидан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Захираларнинг асосий қисмини олтин ташкил этади. Август ойида унинг қиймати 8,8 миллиард долларга ошиб, 64,92 миллиард долларга етган. Олтиннинг физик ҳажми ҳам кўпайган: 13,85 миллион троя унсиядан 14,11 миллион унсиягача. Бу қарийб 439 тонна олтин дегани.

Ўсишнинг асосий сабаби жаҳон бозорида олтин нархининг кескин қимматлашиши бўлган. Август ойида бир унсия олтин нархи 4 минг доллардан бошланиб, ой давомида 4 минг 700 долларга яқинлашган. Ой якунида эса нарх 4 минг 450 доллар атрофида шаклланган.

Шу билан бирга, захираларнинг валюта қисми 1 миллиард долларга камайиб, 6,64 миллиард долларни ташкил этган. Умуман олганда, Ўзбекистон захираларининг ўсишида олтин нархининг кўтарилиши асосий омил бўлган.

Болага магнит юттирилди

Ҳафтанинг энг муҳокамаларга сабаб бўлган мавзуларидан бири мактаб боласига юқори синф ўқувчилари томонидан магнит юттирилгани ва оқибатда бола оғир аҳволга келиб қолгани бўлди.

Воқеа Яшнобод туманидаги 151-мактабда содир бўлган. Мактаб директори ва ўқувчининг синф раҳбарига кўра, 3-сентябр куни бола ҳожатхонага чиқиш учун рухсат сўраб, тахминан 10 дақиқадан сўнг синфга қайтган ва ундан кейинги кунларда бола одатдагидек дарсга келган.

5-сентябр куни эса унинг онаси боланинг қорни оғриётганини айтиб, шифохонага олиб борган. Боланинг қорнида эса ёт жисм аниқланган. Шундан сўнг ҳолат юзасидан ариза берилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Магнит болага юқори синф ўқувчилари томонидан мажбуран юттирилган, деган гаплар ҳам бор.

Шифокорлар операция вақтида ингичка ичакда магнит шарлари борлигини аниқлаган. Улар олиб ташланган, ичакдаги шикастланган жойлар тикланган. Ҳозир бола реанимацияда, шифокорлар аҳволи яхшилангач, жарроҳлик бўлимига ўтказилишини айтмоқда.

Ҳолат бўйича тергов ишлари давом этмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳожатхона ҳудудига ҳам видеокузатув камераларини ўрнатиш чоралари кўрилишини билдирди. Боланинг онаси эса ОАВга интервю беришни истамаган.

 

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 70

Barchasi

Mavzuga oid