Ўзбекистонда чиқиндидан электр олиш учун қарийб 1 млрд долларга 6 та завод қурилади
Улар тўлиқ ишга тушгач, йилига 3,6 миллион тонна маиший чиқинди қайта ишланиб, 1,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
© Ekologiya qo'mitasiПрезидент Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш, уларни қайта ишлаш ва электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. 2026–2027 йилларда чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси олиш бўйича 6 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, лойиҳаларнинг умумий қиймати 933 миллион долларни ташкил этади. Улар Хитой компаниялари билан ҳамкорликда Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида амалга оширилади.
1 сентябр ҳолатига кўра, ушбу лойиҳалар доирасида 286,8 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган. Маҳаллий маҳсулот ва хизматлар хариди 76,6 миллион долларга етган. Қурилиш ишларига 2 минг нафар маҳаллий ишчи жалб этилган.
Заводлар тўлиқ ишга тушгач, йилига 3,6 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланади ва 1,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Қашқадарё ва Самарқанддаги заводларни 2026 йилда, қолган ҳудудлардаги қувватларни 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Янги лойиҳалар амалга оширилади
Тақдимотда чиқиндилардан энергия олиш бўйича Сингапур, Жанубий Корея ва Хитой компанияларининг яна 5 та лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Уларнинг умумий қиймати 625 миллион доллар бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразмда амалга оширилиши режалаштирилган.
Бу қувватлар йилига 1,9 миллион тонна қаттиқ маиший чиқиндини қайта ишлаб, 635 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда. Шунингдек, 500 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳалар ҳудудларда чиқиндиларни қайта ишлаш имкониятларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади.
Лойиҳалар доирасида 158 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиниши ва иссиқхона газлари чиқиндилари 316 минг тоннага камайтирилиши белгиланган.
Минг нафар соҳа мутахассиси тайёрланади
Президент лойиҳаларни жадаллаштириш, инвесторлар учун инфратузилма ва ташкилий шароитларни яратиш, маҳаллийлаштиришни ошириш ҳамда кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Шу асосда «Green University», Самарқанд давлат университети ва Қарши давлат университети билан ҳамкорликда 1 минг нафар мутахассисдан иборат кадрлар захирасини шакллантириш вазифаси белгиланди.





