Қимматлашаётган йўл ҳақи, сотувга қўйилган 18 та бозор ва 21 фоизга ўсган уй-жой савдоси — 11 сентябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бaир бор эсга оламиз.

Транспорт вазирлиги жамоат транспортида йўл ҳақини ошириш режасига изоҳ берди
Тошкент шаҳрида 1 октябрдан жамоат транспорти учун янги тарифларни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасига кўра, автобус ва метрода электрон тўлов орқали бир марталик йўл ҳақи 1 700 сўмдан 2 500 сўмгача оширилиши, нақд тўлов 3 000 сўм миқдорида сақлаб қолиниши, багаж ташиш эса 4 000 сўм этиб белгиланиши кўзда тутилган. Шунингдек, доимий йўловчилар учун янги абонементлар ва транспорт турлари ўртасида қайта чиқиш (пересадка) бўйича алоҳида имтиёзли тарифлар таклиф этилмоқда.
Транспорт вазирлигининг тушунтиришича, амалдаги тарифлар йўналиш харажатларини тўлиқ қопламайди ва асосий молиявий юк давлат бюджети зиммасида қолмоқда. Автобуслар сони 1 900 тага етиб, қатнов оралиғи қисқаргани сайин ёқилғи, электр энергияси, эҳтиёт қисмлар ва иш ҳақи харажатлари ортган. Тариф ўзгариши билан бирга ташувчиларга қатнов интерваллари, хавфсизлик ва тозалик бўйича қатъий талаблар юклатилади. Мазкур ҳужжат лойиҳаси ҳозирда жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, фуқаролар 19 сентябрга қадар ўз таклифларини билдиришлари мумкин.
Янги iPhone 18 моделларини Ўзбекистонга олиб кириш қанчага тушади?
Apple тақдим этган iPhone 18 Pro (бошланғич нархи $1 200), iPhone 18 Pro Max ($1 300) ва илк букланадиган iPhone Duo ($2 000) моделларини Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун ҳаво транспорти орқали олиб киришда 1 000 долларлик божсиз лимит амал қилади. Лимитдан ошган қисмига 30 фоиз бож тўланади: iPhone 18 Pro учун $60 (жами $1 260), Pro Max учун $90 (жами $1 390) ва iPhone Duo учун $300 (жами $2 300). Шунингдек, барча ҳолатларда 103 минг сўм божхона йиғими ва 88 минг сўм IMEI рўйхатдан ўтказиш тўлови (жами 191 минг сўм) қўшимча ҳисобланади.
Агар қурилма божхонада декларация қилинмаса, 30 фоизлик бож лимит чегирилмасдан, телефоннинг тўлиқ қийматидан ҳисобланади (бож миқдори Pro учун $360, Pro Max учун $390 ва Duo учун $600 га етади), натижада харидор $300 кўпроқ тўлашига тўғри келади. Маҳаллий дўконларда эса етказиб бериш ва кафолат харажатлари ҳисобига дастлабки нархлар iPhone 18 Pro учун $1 400–1 650, Pro Max учун $1 550–1 800, iPhone Duo учун эса $2 500–2 850 атрофида шаклланиши кутилмоқда. Янги моделлар 18 сентябрдан расмий сотувга чиқади.
Ўзбекистонда 18 та бозор ва савдо комплексидаги давлат улуши сотувга чиқарилади
Президентнинг 2026 йил 28 августдаги хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид фармони доирасида республика бўйлаб 18 та бозор, савдо комплекси ва автобозорлардаги давлат улушлари очиқ савдога чиқарилади. Мазкур объектларнинг 7 таси Наманган, 5 таси Фарғона, 3 таси Самарқанд, 2 таси Сурхондарё ва 1 таси Тошкент вилоятида («Қибрай деҳқон бозори») жойлашган.
Сотувга қўйилаётган давлат улушлари 51 фоиздан 68 фоизгача бўлган назорат пакетларини ташкил этади. Энг катта улуш Намангандаги «Яшил деҳқон бозори» (68%), Сурхондарёдаги «Жарқўрғон деҳқон бозори» (54,6%) ва Фарғонадаги «Яккатут деҳқон бозори» (52,1%) ҳиссасига тўғри келади, қолган объектларда эса улуш асосан 51 фоиз этиб белгиланган. Ушбу активларни сотишдан тушган маблағлар баҳолаш ва савдо харажатлари чегирилган ҳолда тўғридан-тўғри тегишли маҳаллий бюджетларга йўналтирилади.
Уй-жой савдоси етти ойда 21 фоизга ошди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, 2026 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистонда қарийб 197,4 мингта кўчмас мулк олди-сотди битими қайд этилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоиздан ортиқ (34,3 мингтага кўп) ўсиш кузатилди. Биргина июль ойининг ўзида 26,3 мингта уй-жой битими расмийлаштирилган бўлиб, бу июн ойидаги кўрсаткичдан 4 фоизга юқоридир.
Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик ва савдо ўсиши Тошкент шаҳрида (31,6 фоиз) қайд этилди. Шунингдек, Сирдарё вилоятида уй-жой олди-сотдиси 30,7 фоизга, Навоий вилоятида эса 25,5 фоизга ошиб, республика ўртача кўрсаткичидан сезиларли даражада юқори натижани намоён этди. Марказ ушбу кўрсаткичларни бозордаги юқори фаоллик ва аҳолининг уй-жойга бўлган барқарор талаби билан изоҳламоқда.
Ўзбекистоннинг олтин захиралари бир йилда 73,1 тоннага ошиб, тарихий рекорд янгилади
2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг соф олтин захиралари ҳажми 14,1 миллион троя унцияга ёки 438,8 тоннага етиб, янги тарихий рекордни қайд этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос давридаги 365,8 тоннадан 73,1 тоннага (20 фоизга) кўпдир. Захиралар йил бошидаги 390,3 тоннадан 48,5 тоннага кўпайган бўлиб, ушбу ўсишнинг асосий қисми — 40 тоннасини Ўзбекистон Марказий банки дастлабки етти ой ичида сотиб олди. Бу натижа билан Ўзбекистон марказий банклар ўртасида олтин харид қилиш фаоллиги бўйича дунёда Польша ва Хитойдан кейин учинчи ўринга чиқди.
Захираларнинг қиймати ҳам сезиларли ошиб, бир ой ичида қарийб 16 фоизлик ўсиш билан 64,9 миллиард долларга етди. Бунга ҳажмнинг ортиши билан бир қаторда жаҳон бозорида нархларнинг кўтарилиши (август бошидаги 4 минг доллардан чўққида 4,7 минг долларгача кўтарилиб, ой якунида 4 450 доллар атрофида мўътадиллашгани) асосий таъсир кўрсатган. Эслатиб ўтамиз, мамлакатда олтин асосан НКМК ва ОКМК томонидан қазиб олинади ва Марказий банк уни сотиб олиш бўйича эксклюзив ҳуқуққа эга.





