Сенатдан ўтган янги алифбо, Саида Мирзиёеванинг қўшимча лавозими ва автобусларда кўпайган жарималар — 10 сентябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бaир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда аҳоли жон бошига даромад 20 йилда 520 доллардан 3,7 минг долларга етди
Жаҳон банки маълумотларига асосланган таҳлилларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад (ЯМД) 3,7 минг долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич сўнгги 20 йил ичида 7 баробарга (2005 йилдаги 520 доллардан) ўсган бўлса-да, мамлакат Жаҳон банки таснифига кўра ҳамон «даромади ўртачадан паст» давлатлар гуруҳида қолмоқда.
Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича Қозоғистон (13,7 минг доллар) ва Туркманистондан (6,3 минг доллар) кейин учинчи ўринни эгаллади. Қўшни Қирғизистон (2,8 минг доллар) ва Тожикистон (2,1 минг доллар) ҳам Ўзбекистон каби даромади ўртачадан паст гуруҳга кирса, Қозоғистон ва Туркманистон «ўртачадан юқори даромадли» мамлакатлар қаторидан жой олган.
Сенат лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартириш киритишга оид қонунни маъқуллади
Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ўзгартириш тўғрисидаги қонун маъқулланиб, Президентга юборилди. Янги қонунга асосан, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ҳамда битта тутуқ белгисидан иборат алифбо жорий этилади.
Асосий ўзгаришлар тўртта ҳарфга тааллуқли бўлиб, «Ғ ғ» ўрнига «Ğ ğ», «Ў ў» ўрнига «Ö ö», «Ш ш» ўрнига «Ş ş» ва «Ч ч» ўрнига «Ç ç» белгилари қўлланилади.
Саида Мирзиёевага қўшимча вазифалар юклатилди
Президент фармони билан Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева амалдаги лавозимини сақлаб қолган ҳолда, ўриндошлик асосида Тошкент халқаро молия маркази бошқарувчиси этиб тайинланди.
Янги ваколатга кўра, бошқарувчи Молия маркази кенгашининг Бош котиби ҳисобланади, кенгаш кун тартибини шакллантиради, марказ фаолиятининг йўлга қўйилиши ва давлат органлари билан ҳамкорликни мувофиқлаштиради.
Марказий банк валюта курсини ҳисоблаш тартибини ўзгартиради
2026 йил 15 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмий валюта курсларини ҳисоблашда янги механизмни жорий этади. Энди расмий алмашув курси фақат валюта биржасидаги савдолар асосида эмас, балки банклараро биржадан ташқари бозордаги битимларни ҳам ҳисобга олган ҳолда, уларнинг ўртача тортилган курси бўйича шакллантирилади.
Марказий банкка кўра, мазкур ўзгариш ички валюта бозоридаги операцияларни кенгроқ қамраб олиш ва бозордаги реал ҳолатни янада аниқ акс эттириш имконини беради. Шунингдек, янги тартибга мувофиқ, шанба ва якшанба каби дам олиш кунлари учун охирги иш кунида эълон қилинган расмий курслар қўлланилади.
Тошкент автобусларига чиқишда тўлов жорий этилгач, йўлкира тўламаганлар сони кўпайди
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳридаги брутто-шартнома асосида ишлаётган автобусларда йўл ҳақини транспортга чиқиш вақтида тўлаш тартиби жорий этилди. Ушбу янги тартиб ортидан Транспорт вазирлиги назоратчилари томонидан кучайтирилган рейдлар ўтказилиб, йўлкира тўламаганларга нисбатан жарима баённомаларини расмийлаштириш ҳолатлари кескин ортди.
Рақамларга кўра, август ойида йўл ҳақини тўламаган 10 843 нафар (кунига ўртача 350 та) йўловчига баённома расмийлаштирилган бўлса, сентябрнинг дастлабки саккиз кунида бу кўрсаткич 4 696 тани (кунига ўртача 587 та) ташкил этди.





