Ичида 14 бола бўлган «Matiz» ағдарилди: ҳайдовчи вафот этди
Ҳодиса Нурота туманида содир бўлиб, болалар турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
© ЙҲХХКеча, 5-май куни Навоий вилоятида ичида 14 нафар бола бўлган «Matiz» йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Ҳодиса соат 09:05 ларда Нурота тумани «Янгиҳаёт» МФЙ ҳудудидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятдаги 85V-043 автомобил йўлининг 8–9-километрлари оралиғида содир бўлади. 34 ёшли аёл тегишли ҳужжатларсиз «Matiz» русумли автомобилни бошқараётиб, тажрибасизлиги ва чалғиши оқибатида рул бошқарувини йўқотган ва йўлнинг чап томонига чиқиб кетиб, ағдарилган. Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи кўрсатилган муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган.
Автомобилда бўлган 14 нафар вояга етмаган йўловчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.
Суриштирувлар давомида аёл оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари сифатида фаолият олиб боргани маълум бўлди. ЙҲХХ хабарида 14 нафар болаларнинг «Matiz» автомашинасида қоидаларга зид равишда ташилишига уларнинг ота-оналари ҳам эътиборсиз бўлгани қайд этилган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олдинги ҳолатлар
Боғча болаларининг бу тарзда ташилиши билан боғлиқ ҳолатлар олдин ҳам учраган. Масалан, ўтган йили Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида 28 нафар, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 32 нафар, Наманган вилояти Косонсой туманида 25 нафар бола «Damas»да ташилгани аниқланган. Бухоро вилоятининг Жондор туманида ҳам «Damas» микроавтобусларида ўнлаб болаларни ташиш ҳолатлари аниқланган. Икки ҳайдовчи иккита машинада жами 36 нафар вояга етмаган болани, биринчисида 20, иккинчисида 16 нафарини олиб кетаётгани аниқланган.





