add

Жамшид Қўчқоров: «2026 йилда иқтисодий ўсиш суръати секинлашади»

Bugun 17:174122 daqiqa

Иқтисодиёт ва молия вазири Сенатда бўлиб ўтган мажлисда 2026 йилда иқтисодий ўсиш 6,6 фоизгача секинлашиши кутилаётганини маълум қилди.

Жамшид Қўчқоров: «2026 йилда иқтисодий ўсиш суръати секинлашади»

2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 2025 йилга нисбатан бироз секинлашиб, 6,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ҳақда 18 декабр куни Олий Мажлис Сенати мажлисида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди. Унинг таъкидлашича, жорий йилда иқтисодий ўсиш 7 фоиздан юқори бўлиши прогноз қилинмоқда.

Вазир сўзларига кўра, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиётининг 2025 йилдаги ўсиш суръатини 6,2 фоиз даражасида баҳолаган. Шу билан бирга, ҳукуматнинг иқтисодий блоки шакллантирган кутилмалар халқаро прогнозларга нисбатан юқорироқ бўлиб қолмоқда.

2026 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми аҳоли жон бошига 4 минг доллардан ошиши режалаштирилган. Иқтисодий ўсиш асосан банк кредит портфелининг 13 фоизга кенгайиши, асосий капиталга инвестицияларнинг 8,1 фоизга ўсиши ҳамда олтинни ҳисобга олмаган ҳолда экспорт ҳажмининг 15,1 фоизга кўпайиши ҳисобидан таъминланиши кутилмоқда.

Тармоқлар кесимида эса хизматлар соҳасида юқори фаоллик сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда. Хусусан, бозор хизматлари ҳажми 14,5 фоизга, саноат ишлаб чиқариши 6,4 фоизга, қурилиш соҳаси 10,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Қишлоқ хўжалигида эса ўсиш суръати 4,2 фоиз даражасида шаклланиши айтилди.

Шунингдек, Жамшид Қўчқоров келгуси йилда инфляция даражасини 7 фоиздан оширмаслик асосий вазифалардан бири бўлишини таъкидлади. Унинг айтишича, 2027 йил якунига келиб мамлакатда нархлар ўсиши 5–6 фоиз атрофида барқарорлашиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилги буджет харажатлари 40,9 трлн сўмга оширилади. Қўшимча маблағлар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга йўналтирилган. Сенатор Эркин Гадоевнинг таъкидлашича, 2025 йил учун буджет харажатлари аввал тасдиқланган 281,6 трлн сўм ўрнига 322,5 трлн сўм этиб белгиланиши режалаштирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid