Logo

Давлат харидларида 10,2 трлн сўмлик қонунбузарлик аниқланди: Ҳисоб палатаси ҳисобот эълон қилди

Bugun 21:412 daqiqa

Қоидабузарликларнинг энг катта улуши давлат корхоналари ҳамда транспорт сектори ҳиссасига тўғри келмоқда.

Давлат харидларида 10,2 трлн сўмлик қонунбузарлик аниқланди: Ҳисоб палатаси ҳисобот эълон қилди

2026 йилнинг январь—сентябрь ойларида Ўзбекистонда давлат харидлари соҳасида қонунчилик талаблари бузилиши билан боғлиқ 18 788 та ҳолат аниқланди. Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, мазкур ноқонуний харидларнинг умумий қиймати 10,2 триллион сўмни ташкил этган бўлиб, қоидабузарликларнинг энг катта улуши давлат корхоналари ҳамда транспорт сектори ҳиссасига тўғри келади.

Аниқланган қонунбузилишларнинг энг кўп қисми бевосита давлат корхоналари фаолиятида қайд этилган. Ушбу ташкилотларда жами 3 913,6 миллиард сўмлик (умумий миқдорнинг 38,5 фоизи) хатоликларга йўл қўйилган.

Кейинги ўринлардаги асосий соҳа ва органлар кўрсаткичлари қуйидагича:

— Транспорт ва автомобил йўллари соҳаси — 2 958,2 млрд сўм (29,1%). Шундан 1 823,2 млрд сўми (18%) бевосита автомобил йўллари тизимига тегишли.
— Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари — 699,7 млрд сўм (6,9%).
— Энергетика соҳаси — 540,9 млрд сўм.
— Таълим ва илм-фан — 384,3 млрд сўм.
— Экология — 299,9 млрд сўм.
— Сув хўжалиги — 286,4 млрд сўм.

Шунингдек, қурилиш (285,3 млрд сўм), тоғ-кон саноати ва геология (249,1 млрд сўм), суд органлари (247,6 млрд сўм) ҳамда соғлиқни сақлаш (191 млрд сўм) тизимларида ҳам йирик миқдордаги қонунбузилишлар аниқланган. Энг кам миқдордаги қоидабузарликлар спорт (34,1 млрд сўм) ва маданият (16,4 млрд сўм) соҳаларига тўғри келган.

Қайд этилган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида жами 4,8 триллион сўмлик харидларга оид ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.

Хусусан, давлат корхоналари бўйича 3 913,6 млрд сўмлик, таълим ва илм-фан соҳаси бўйича 384,3 млрд сўмлик материаллар тергов органларига юборилган. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларига берилган материаллар орасида Навоий вилояти «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси (156,5 млрд сўм), Андижон вилоятининг худди шу хизмати (125,9 млрд сўм), суд органлари (16,5 млрд сўм) ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлигига (9,98 млрд сўм) оид ҳужжатлар ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси баёнотида таъкидланишича, транспорт, сув хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ортидан бир қатор мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган (222,3 млрд сўмлик ҳолатлар бўйича).

Teglar

Mavzuga oid

Давлат харидларида 10,2 трлн сўмлик қонунбузарлик аниқланди: Ҳисоб палатаси ҳисобот эълон қилди | Vaqt.uz