
Кутилганидан яхшироқ: Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йилда 7,7 фоизга ўсди
Сўнгги прогнозлар бўйича 2025 йил якунида мамлакатда иқтисодий ўсиш 7–7,5 фоиз оралиғида бўлиши керак эди. Реал иқтисодий ўсиш кутилмалардан ҳам юқорироқ бўлди.

Ўзбекистоннинг 2025 йилги иқтисодиёти (ялпи ички маҳсулот) ўсиши 7,7 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Аслида 2025 йил охирида мамлакат иқтисодиёти 7,5 фоиз атрофида ўсиши кутилган эди. 7,7 фоизлик ўсиш — кутилмалардан 0,2 фоизга юқорироқ бўлди. Бу 2021 йилдан бери энг юқори иқтисодий ўсиш ҳисобланади.
2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 1 фоизга камроқ, 6,7 фоизга ўсган эди. 2025 йилги юқори иқтисодий ўсишга қиммат олтин сабаб бюджет тушумлари ортиши, бу эса ўз навбатида бюджет харажатларини кўпайтириб иқтисодий ўсишга туртки бўлгани сабаблардан бири бўлди.
Ўтган йил давомида инфляция 7,3 фоизгача пасайди. Таққослаш учун 2024 йилда бу кўрсаткич 9,3 фоиз бўлганди. Марказий банк томонидан қўйилган 5 фоизлик инфляцион таргетга 2027 йилнинг охирида эришиш режа қилинган.
Шунингдек, 2025 йилда аҳолининг реал даромадлари 9,2 фоизга кўпайди. Бу 2024 йилги кўрсаткичдан 2,5 фоизга пастроқ. Қишлоқ хўжалиги 4,4 фоизга, бозор хизматлари ҳажми эса 14,7 фоизга ўсди.
Саноатда ишлаб чиқаришнинг физик ҳажми ўсиши 2024 йилга нисбатан 0,3 фоизга тезлашиб, 6,8 фоизни ташкил қилди. Чакана савдо айланмаси ўсиши эса 0,5 фоизга секинлашиб, 11,2 фоиз бўлди.
Ташқи савдо айланмаси 20,7 фоизга (2024 йилда 5,8 фоиз) ўсган бўлса, унинг таркибида экспорт 24 фоизга (9,7 фоиз), импорт 18,5 фоизга (3,4 фоиз) кўпайди.
Доимий аҳоли сони 2025 йил давомида 37,5 млн нафардан 38,2 млн нафарга етди. Фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони бир неча йилдан бери биринчи марта кўпайиб, 475 мингтага етди.
2026 йилда иқтисодиёт қандай бўлади?
2025 йилда иқтисодий ўсиш сўнгги йиллардаги энг юқори даражада — 7,7 фоиз бўлди. Келаси йилда эса нисбатан қатъий пул-кредит сиёсати бўлиши кўзда тутилмоқда. Бунда бюджет тақчиллигини 3 фоиз атрофида сақлаб қолишга ҳаракат қилинади
Натижада, мамлакат иқтисодиёти 5,5–6,5 фоиз оралиғида ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу эса иқтисодий ўсиш 2025 йилдагидан бироз секинроқ бўлишини англатади. 2027–2028 йилларда ҳам иқтисодий ўсиш 6–7 фоиз атрофида бўлиши айтилмоқда.

2025 йилда иқтисодиёт кутилганидан кўпроқ ўсишига олтин нархларининг бир неча бор рекорд даражада ошгани ҳам сабаб бўлди. Марказий банк кутилмаларига кўра, иқтисодиёт аслида 5,5–6 фоизга ўсиши керак эди.
Қиммат олтин бюджет даромадларини сезиларли оширди ва ҳукумат кўпроқ харажат қилиш имкониятига эга бўлди. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий ўсиш тезлашишига ёрдам берди.
Нархлар ўсиши
Марказий банкнинг асосий мақсади нархлар барқарорлигини таъминлаш ва 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиш ҳисобланади.

Айни пайтдаги кутилмаларга кўра, 5 фоизлик инфляция 2027 йилнинг охирида бўлади. Бироқ, инфляцион таргетга эришиш муддати бир неча йилдан бери чўзиб келинмоқда ва бу жараён яна давом этиши мумкин.
2025 йилда инфляция 7,3 фоиз бўлди ва бу очиқ маълумотлар эълон қилиш бошланганидан бери энг паст кўрсаткич. 2026 йилда нархлар ўсиши 6,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Президент Мирзиёев 2025 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 145 млрд долларга етганини маълум қилганди. Ўшанда иқтисодиёт 2030 йилга бориб 240 млрд доллардан ошиши айтилганди.
Teglar






