Навоий аэропортида «порто франко» режими жорий этилади

10.02.2026 | 11:252 daqiqa

Президент қарорига кўра, Навоий халқаро аэропортида «порто франко» режими жорий этилиб, 2030 йилгача парвозлар сонини 2,3 баробарга ошириш, йўловчи ташиш ҳажмини йилига 150 минг нафарга ҳамда юк ташиш ҳажмини 45 минг тоннага етказиш белгиланди.

Навоий аэропортида «порто франко» режими жорий этилади

2026 йил 9 февраль куни Президентнинг «Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–50-сон қарори қабул қилинди. Ҳужжат Навоий халқаро аэропортини минтақавий транспорт-хабга айлантириш, халқаро юк ва йўловчи оқимини кенгайтириш ҳамда инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган.

Парвозлар ва ташиш ҳажмлари оширилади

Қарорга мувофиқ, 2030 йилга қадар Навоий халқаро аэропортида амалга оширилаётган парвозлар сони 2,3 баробарга оширилиб, йилига 7 мингтага етказилади. Шу билан бирга, йўловчи ташиш ҳажми йилига 150 минг нафарга, юк ташиш ҳажми эса 45 минг тоннагача оширилиши режалаштирилган. Бу кўрсаткичлар аэропортнинг халқаро логистика занжиридаги ўрнини сезиларли даражада мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Халқаро юк рейслари кенгаяди

2026 йилнинг ўзида БАА, Туркия ва Хитойдан почта-курьерлик ҳамда тижорат юкларини етказиб бериш бўйича авиақатновлар сони ҳафтасига 3 тага етказилади. Бу қарор электрон тижорат, экспресс логистика ва трансчегаравий савдони ривожлантириш учун муҳим инфратузилмавий асос яратади.

Эркин иқтисодий ва божхона зоналари

Транспорт вазирлиги ҳамда Божхона қўмитаси таклифларига асосан Навоий халқаро аэропорти ҳудудида илғор хорижий тажрибага таянган ҳолда эркин иқтисодий зона ва «порто франко» режимида фаолият юритувчи эркин божхона зонаси ташкил этилади. Ушбу зонада товарларни бож тўламасдан олиб кириш, сақлаш, қайта ишлаш, импорт-экспорт операциялари, логистика, трейдинг, консалтинг, молия-аудит ва бошқа хизмат турларини амалга оширишга рухсат берилади.

Авиация соҳаси учун махсус имтиёзлар

«Порто франко» эркин божхона зонаси ҳудудида хорижий ҳаво кемалари ва уларнинг агрегатларини таъмирлаш учун зарур авиатехника эҳтиёт қисмлари эркин алмаштирилади. Четдан келтириладиган эҳтиёт қисмлари учун миллий сертификатлар талаб этилмаслиги белгиланган. Шунингдек, маҳаллий авиакомпаниялар учун ҳам ушбу зонада таъмирлаш ишларини амалга ошириш имкониятлари яратилади.

Харидлар ва модернизация

Қарор билан Навоий халқаро аэропорти МЧЖга айрим турдаги авиаёнилғи, махсус техника ва эҳтиёт қисмларни давлат харидлари тизимисиз, таклиф сўрови асосида харид қилишга рухсат берилди. 2029 йил 1 январга қадар махсус техника ва эҳтиёт қисмлар импорти божхона божидан озод этилади. Шу билан бирга, аэропорт божхона постида халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини қайта ишлаш инфратузилмаси модернизация қилиниб, ўтказувчанлик қобилияти оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий аэропорти «Узбекистан Airports» таркибидан чиқарилиши ҳақида хабар берган эдик. Унга маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан йўловчи ва юк ташиш, транзит ҳамда техник қўнишлар бўйича мустақил музокаралар олиб бориш ҳамда шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади.

Teglar

Mavzuga oid