Озарбойжон банки «Davr bank»ни сотиб олмоқда
«Davr bank» Озарбойжоннинг йирик банки билан 51 фоиз улушини сотиш бўйича келишувга эришди.
© YANDEX MAPSОзарбойжоннинг «Azərbaycan Beynəlxalq Bankı» — ABB 2026-йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистондаги «Davr bank» акцияларининг 51 фоизини сотиб олиш орқали мамлакат банк бозорига киришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Озорбойжоннинг маҳаллий нашрларидан бири хабар берди.
ABB раҳбарияти барча ҳуқуқий ва техник жараёнларни 2026-йил якунига қадар якунлашга умид қилмоқда. Битим якунланиши учун ҳар иккала давлатнинг регулятори рухсатлари керак бўлади. Ҳозирда томонлар битимни расмийлаштириш ва зарур рухсатномаларни олиш жараёнини олиб бормоқда.
Йирик инвеститсия
Маълумотларга кўра, банкни сотиб олиш бўйича умумий инвестициялар ҳажми 100 млн доллардан ошиши мумкин. Битим муваффақиятли якунланса, банк келгусида «ABB Davr bank» номи остида фаолият юритиши мумкин.
ABB бир қатор молия институтлари билан музокаралар олиб борган ва якунда айнан «Davr bank» вариантида тўхталган. Таҳлилчилар фикрича, агар битим амалга ошса, бу Ўзбекистон бизнес тарихи учун энг йирик ва кам учрайдиган хусусий банк харидларидан бири бўлиши мумкин.
Маълумот учун, «Davr bank» активлари тахминан 1 млрд долларга тенг. Ҳозирда 1,4 млн нафар мижозга хизмат кўрсатади ва мамлакат бўйлаб 43 та филиалга эга. Шунингдек, банк «ЕБРР», «ХМК», «ОТБ» каби халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиб келади. 2025-йил якунларига кўра, унинг асосий молиявий кўрсаткичлари 30–45 фоизга ўсган.
ABB эса 2025-йилни 404,5 млн манат соф фойда билан якунлаган. Бу 2024-йилга нисбатан 12,4 фоизга кўпдир.
Шунингдек, банк кредит портфели 12 фоизга ўсиб, 7 млрд манатдан ошган. Фаол мижозлар сони эса бир йил ичида 15 фоизга кўпайган.





