Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 28 даражагача кўтарилиши кутилмоқда
Айрим кунлари республика ҳудудининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +20...+25 даража атрофида бўлади. Шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида +28 даражагача кўтарилиши мумкин.

Ўзбекистонда 21–24 март кунлари ҳаво ҳарорати босқичма-босқич кўтарилиб, айрим ҳудудларда 28 даражагача етиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» маълум қилди.
21 март куни республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланади. Фақат Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида куннинг иккинчи ярмида айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин. Кундузги ҳарорат +20...+25 даража атрофида бўлади.
23–24 март кунлари эса республика бўйлаб об-ҳаво ўзгариши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари ҳудудларда қисқа муддатли ёмғирлар ёғади, айрим жойларда момақалдироқ бўлиши мумкин.
Ҳарорат асосан +20...+25 даража атрофида сақланади, аммо шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларда +28 даражагача кўтарилиши прогноз қилинмоқда. Кечалари ҳаво ҳарорати +7...+12 даража илиқ бўлади.
Синоптиклар тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел ва сув тошқинлари юзага келиш эҳтимолидан огоҳлантирмоқда. Бу эса айниқса, баҳорги ёғингарчиликлар фонида хавфни оширади.
Пойтахт Тошкент шаҳрида 21 март куни ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат +21...+23 даража бўлади. 23–24 март кунлари эса вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиб, кундузги ҳарорат +20...+25 даража атрофида сақланади.





