add

Ўзбекистонда инклюзив-ресурс мактаблари тармоғи йўлга қўйилади

Bugun 19:381022 daqiqa

Янги қарор алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни сифатли таълим ва жамиятга интеграция қилишга қаратилган.

Ўзбекистонда инклюзив-ресурс мактаблари тармоғи йўлга қўйилади

Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган муҳим қарор қабул қилинди. Ҳукуматнинг 24 декабрдаги 818-сонли қарори билан кўп функционал инклюзив-ресурс мактаблари ташкил этилиши белгиланди.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида Кўп функционал инклюзив-ресурс маркази ташкил этилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатлар негизида ҳар бир ҳудудда биттадан Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаби фаолият бошлайди.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкентдаги Инклюзив марказ таркибида тажриба-синов тариқасида инклюзив-коррекцион мактаб иш бошлайди. Ушбу мактабда бошланғич синф ўқувчилари учун мослашув жараёнлари, таълим ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш, шунингдек, индивидуал таълим режаси асосида коррекцион ва қўшимча машғулотлар ташкил этилади.

Инклюзив марказ фаолияти доирасида умумтаълим мактабларидаги инклюзив синфларда таҳсил олаётган ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун асосий дарсларга қўшимча фанлар, касбий йўналтириш ва коррекцион машғулотлар йўлга қўйилади. Бу болаларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтириш ва мустақил ҳаётга тайёрлашга хизмат қилади.

Қарорда педагог кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2027 йил 1 январдан Инклюзив марказда давлат таълим ташкилотлари махсус педагогларининг билим ва кўникмаларини баҳолашга қаратилган касбий сертификатлаш тизими жорий этилади. Бу инклюзив таълим сифати ва мутахассислар малакасини оширишга қаратилган.

2027/2028 ўқув йилидан эса ҳудудларда инклюзив мактаблар фаолияти босқичма-босқич жорий этилади. Мазкур чоралар мамлакатда инклюзив таълим тизимини кенгайтириш ва барча болалар учун тенг таълим имкониятларини таъминлашга қаратилган.

Teglar

Mavzuga oid