add

«Ўзбекнефтегаз» қурилиш харажатларини 20 фоизга қисқартирмоқчи

Bugun 15:151342 daqiqa

«Ўзбекнефтегаз» АЖ маълум қилишича айрим қурилиш ишлари ҳали ҳам 2005 йилда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда.

«Ўзбекнефтегаз» қурилиш харажатларини 20 фоизга қисқартирмоқчи

Ўзбекнефтегаз 2026 йилда қурилиш ишлари қийматини камида 20 фоизга қисқартиришни режалаштирмоқда. Бу қарор мустақил экспертлар иштирокида ўтказилган кенг қамровли таҳлил натижалари асосида қабул қилинди.

Таҳлил жараёнида геологик-қидирув, геофизика, қудуқ бурғулаш ҳамда қурилиш йўналишларидаги харажатлар ўрганилди. Маълум бўлишича, айрим қурилиш ишлари ҳали ҳам 2005 йилда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда. Ушбу меъёрлар ҳозирги бозор конъюнктураси ва амалдаги талабларга жавоб бермай, қурилиш таннархининг сунъий ошишига олиб келган.

Экспертлар хулосасига кўра, амалда қўлланилаётган лойиҳаларни жорий бозор нархлари асосида қайта ҳисоблаш натижасида улар ўртача 14 фоизга қимматга тушаётгани аниқланган. Шу муносабат билан компания раҳбарияти эски нормаларни зудлик билан қайта кўриб чиқиш ва соҳавий стандартларни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Маркетинг таҳлили доирасида геофизика ишлари бўйича 3–4 та етакчи компания таклифлари солиштирилди. Натижада ушбу йўналишдаги умумий харажатларни 15 фоизга қисқартириш, яъни 33 млрд сўмдан 28 млрд сўмга тушириш имконияти мавжудлиги аниқланди. Қудуқ бурғулаш ишларида эса моддий-техника ресурслари ва механизмлар ҳисобига 15 фоизгача тежамкорликка эришиш мумкин.

450 квадрат километр майдонни қамраб олган Когон туманида 3D геофизика усулини қўллаш орқали саҳро ишлари ҳажмини 20 фоизгача қисқартириш мумкинлиги ҳам қайд этилди.

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари келгусида барча янги лойиҳалар фақат иқтисодий асосланган ҳолда амалга оширилиши, пудратчилар очиқ тендерлар орқали танланиши ҳамда қабул қилинадиган барча қарорлар жамоатчилик учун эълон қилиб борилишини таъкидлади.

Teglar