Logo

Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги уч йилда қандай ривожланади?

Bugun 15:153 daqiqa

Марказий банк мамлакат иқтисодиётини 2027-йилда 7–7,5 фоизга, 2028-2029-йилларда эса 6,5–7,5 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда.

Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги уч йилда қандай ривожланади? © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 2027-йилда 7−7,5 фоиз, 2028-2029-йилларда эса 6,5−7,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 2027-йил якунига қадар инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичгача (таргетгача) тушириш ва кейинги йилларда шу даражада сақлаб қолиш режалаштирилган. Бу ҳақда Марказий банк бошқарувининг 4-ноябрдаги йиғилиши якунлари бўйича регулятор матбуот хизмати маълум қилди.

Йиғилишда пул-кредит сиёсатининг 2027-йил ва 2028−2029-йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари концептуал лойиҳаси тасдиқланган.

Ҳужжатга кўра, белгиланган иқтисодий ўсиш ва инфляция кўрсаткичларига эришиш учун 2026-2027-йилларда мамлакатда қатъий пул-кредит шароитлари сақлаб қолинади.

Асосий ставка бўйича қарорлар инфляция прогнози, ички талаб ва таклиф нисбати ҳамда ташқи шароитлар асосида қабул қилинади.

Асосий сценарий ва инфляциянинг пасайиши

Марказий банкнинг асосий сценарийси ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг босқичма-босқич мувозанатлашувига таянади.

Унда геосиёсий можароларнинг пассив босқичга ўтиши, жаҳон бозорида нефт нархларининг пасайиши ва асосий савдо ҳамкорларида иқтисодий ўсишнинг мўътадил давом этиши назарда тутилган. Ички шароитларда эса фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 3 фоиз атрофида сақланиши, тартибга солинадиган нархлар ислоҳотларининг якунланиши ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши фараз қилинган.

Агар ушбу шартлар амалга ошса, умумий инфляция 2027-йилнинг иккинчи ярмида 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичгача пасаяди (базавий инфляция 4−5 фоизгача тушади). Бунга энергия ресурслари тарифлари ошишининг бевосита таъсири тугаши ва ички таклиф кенгайиши ёрдам беради.

Қатъий пул-кредит сиёсати доирасида 2027-йилда пул бозоридаги «UZONIA» ставкасининг реал ҳисобда 6−7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Регуляторга кўра, агар инфляцион босим пасайиб, мақсадли кўрсаткич атрофида барқарорлашса, сиёсатни нейтрал даражага яқинлаштириш имконияти кўриб чиқилади. Аксинча, босим кучайса, қатъий шароитлар узоқроқ муддат давом этади.

Муқобил хатарлар ва тизимни такомиллаштириш режалари

Марказий банк асосий сценарийдан четланишга сабаб бўлувчи хатарларни ҳам эълон қилди. Савдо ҳамкорлари валюталарининг қадрсизланиши, нефт ва озиқ-овқат нархларининг кескин ошиши ёки банклар ўртасидаги рақобат ортидан кредитлашнинг ҳаддан ташқари жадаллашуви инфляциянинг кутилганидан юқори бўлишига олиб келиши мумкин.

Бундай вазиятда пул-кредит сиёсати қайта кўриб чиқилиб, эътибор яна инфляцияни 5 фоизлик даражага туширишга қаратилади.

2027−2029-йилларда Марказий банк қатор институционал ислоҳотларни амалга оширишни режалаштирган:

Узоқ муддатли тамойилларни белгиловчи Пул-кредит сиёсати стратегияси ишлаб чиқилади;

Исломий банклар учун шариат тамойилларига мувофиқ ликвидликни жалб қилиш ва тақдим этиш инструментлари жорий этилади;

Макроиқтисодий таҳлил ва чораклик прогноз модели модернизация қилинади;

Қарорлар ва хатарларни жамоатчиликка тушунарли етказиш учун янги коммуникация стратегияси тасдиқланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани ҳақида маълум қилинганди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги уч йилда қандай ривожланади? | Vaqt.uz