Қирғизистон Андижонда ўз Бош консулхонасини очади
Садир Жапаров Андижон шаҳрида Бош консулхона очиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Янги ваколатхона Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларини қамраб олади.
© Foto: kg24.newsҚирғизистон Республикаси Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида ўз Бош консулхонасини очади. Қирғизистон президенти Садир Жапаров тегишли фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, янги дипломатик ваколатхонанинг консуллик округи Ўзбекистоннинг учта ҳудудини — Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларини қамраб олади.
Бош консулхонанинг асосий вазифаси сифатида Ўзбекистонда бўлиб турган Қирғизистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга консуллик хизмати кўрсатишни таъминлаш белгиланган. Шунингдек, мазкур ваколатхонанинг очилиши икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришга, фуқаролар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасига Бош консулхонани очиш билан боғлиқ ташкилий ва молиявий масалаларни ҳал қилиш, шунингдек, зарур норматив ҳужжатларни ушбу фармонга мувофиқлаштириш топширилди.
Мазкур фармон 10 кундан сўнг расман кучга киради.





