Logo

Қозоғистонда ўзбекистонлик профессор жосусликда гумонланиб ҳибсга олинди

Bugun 13:554 daqiqa

Профессорнинг исмини ошкор қилишни истамаган қариндошининг айтишича, фуқаролик кийимидаги бир неча киши Қорабоевнинг уйига келиб, уни жосусликда гумон қилинаётганини билдирган ва олиб кетган. Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг расмий идоралари ҳозирча ишнинг тафсилотлари ва Қорабоевнинг ҳибсга олиниши сабабларини изоҳламаган.

Қозоғистонда ўзбекистонлик профессор жосусликда гумонланиб ҳибсга олинди © azertag.az

Қозоғистонда ўзбекистонлик олим, профессор Иқболжон Қорабоев жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинди. У Остонадаги Мақсут Нарикбаев номидаги университетда халқаро муносабатлардан дарс берган. Бу ҳақда BBC News Ўзбек хизмати хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Қорабоев 3-июлдан бери ҳибсда сақланмоқда. У Қозоғистонда турмуш ўртоғи ва уч нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаган. Профессорнинг исмини ошкор қилишни истамаган қариндошининг айтишича, фуқаролик кийимидаги бир неча киши Қорабоевнинг уйига келиб, уни жосусликда гумон қилинаётганини билдирган ва олиб кетган. Ҳибсга олиш вақтида қариндошларига олимнинг Ўзбекистоннинг Остонадаги консуллиги ходими билан алоқаси бўлиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Оила аъзоларининг сўзларига кўра, Қорабоевга қарши Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси (жосуслик) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модда хорижий давлатлар ёки ташкилотлар манфаатлари йўлида давлат сирларини йиғиш, топшириш, ўғирлаш ёки сақлаш, шунингдек, хорижликлар томонидан мамлакат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шундай ҳаракатлар учун жавобгарликни назарда тутади. Агар айбдор деб топилса, олим 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ҳибсга олиниш сабаблари

Тахминлардан бирига кўра, Қорабоевнинг ҳибсга олинишига унинг стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар бўйича олиб борган илмий тадқиқотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. 2025-йил апрел ойида профессор «Қозоғистон ва Ўзбекистонда стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар атрофидаги қиёсий ҳуқуқий, сиёсий ва стратегик қарашлар» деб номланган тадқиқотини якунлаган. Ушбу тадқиқот ҳозирча эълон қилинмаган. Унда Қозоғистонга оид 9 та, Ўзбекистонга оид 8 та ва халқаро миқёсдаги 3 та ҳужжат таҳлил қилинган. Олимнинг ҳамкасбига кўра, тадқиқотда фойдаланилган барча маълумотлар очиқ манбалардан олинган.

Бундан аввал, 2024-йилнинг октябр ойида Қорабоев пандемиядан кейин глобал таъминот занжирларида юзага келган узилишлар, Украинадаги уруш оқибатлари ва Хитойнинг роли кучайиши фонида Марказий Осиёнинг ноёб ер элементларига халқаро қизиқиш ортиб бораётгани ҳақида тадқиқот тақдим этган. Олим ўз ишида Хитой Қирғизистон ва Тожикистонда бундай хомашёларни ишлаб чиқариш соҳасида аллақачон етакчи ўринларни эгаллагани, Қозоғистоннинг ушбу ресурслар бўйича асосий савдо ҳамкори экани ва Ўзбекистондаги иштирокини ҳам босқичма-босқич кенгайтираётганини қайд этган.

Қорабоевнинг ҳамкасбларидан бири бундай соҳа мутахассислари дипломатлар, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан алоқалари сабабли кўпинча махсус хизматлар эътиборига тушиб қолишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, олимларнинг дипломатик тузилмалар вакиллари билан учрашувлари, айниқса, «off the record», яъни ошкор қилинмаслиги керак бўлган ёпиқ суҳбатлар, миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан сезгир ҳолат сифатида қабул қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, ҳамкасби Қорабоевни 10 йилдан ортиқ вақтдан бери билишини ва уни академик стандартларга қатъий амал қиладиган, юқори малакали тадқиқотчи деб ҳисоблашини айтган.

Иқболжон Қорабоев 46 ёшда. У Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини «Халқаро муносабатлар» йўналиши бўйича тамомлаган. Шундан сўнг Франциядаги Монпеле университетида икки хил магистрлик даражасини олган ва Тулуза университетида халқаро оммавий ҳуқуқ бўйича докторлик даражасини қўлга киритган. Қозоғистонга кўчиб ўтишидан олдин Франциядаги университетда дарс берган. Унинг илмий қизиқишлари Евросиёдаги минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини ўрганиш билан боғлиқ.

Адвокат билан боғлиқ муаммолар

Ҳозирда, қариндошларининг маълумотларига кўра, Қорабоев тўлиқ ҳуқуқий ёрдам ола олмаяпти. Давлат томонидан тайинланган адвокат у билан фақат бир марта учрашган ва ишнинг бориши ҳақида оиласига батафсил маълумот бермаган. Қариндошлари хусусий адвокат ёллаган, бироқ у ҳозирча олим билан учраша олмаган. Уларнинг айтишича, адвокатнинг Қорабоев билан учрашиши учун Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг рухсати талаб қилинади. Идора эса бу рухсатни бир неча ҳафтадан бери беришни кечиктирмоқда.

Профессорнинг оиласи Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларга мурожаат қилиб, адвокатнинг олим билан учрашишига имкон беришни сўраган. Ҳозирча бу мурожаатларга жавоб берилмаган. Нарикбаев номидаги университет вакиллари профессорнинг ҳамкасбларидан бирига унинг «ёзда ишдан кетгани»ни айтган. Бироқ университетнинг расмий сайтида Қорабоев ҳанузгача профессор-ўқитувчилар қаторида кўрсатилган.

image_2026-08-27_13-56-22

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг расмий идоралари ҳозирча ишнинг тафсилотлари ва Қорабоевнинг ҳибсга олиниши сабабларини изоҳламаган.

Нега стратегик минераллар муҳим мавзуга айланди?

Сўнгги йилларда стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар катта геосиёсий аҳамият касб этди. Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, Хитой стратегик хомашёни қайта ишлаш бўйича дунёдаги қувватларнинг катта қисмини назорат қилади. Жумладан, ноёб ер элементларини глобал қайта ишлаш занжирининг 90 фоиздан ортиғи Хитойга тўғри келади. АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари Хитойга қарамликни камайтиришга интилмоқда ва хомашё етказиб беришнинг муқобил манбаларини ривожлантирмоқда. Марказий Осиё ҳам шундай истиқболли ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2023-йилда стратегик минералларни «янги нефть» деб атаган ва ушбу соҳани ривожлантиришга чақирган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эса 2025-йил июн ойида мамлакатда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий ва титан каби муҳим минералларнинг катта захиралари мавжудлигини маълум қилган. У Ўзбекистон ерости бойликларининг умумий салоҳиятини 3 триллион доллар деб баҳолаган.

2025-йилнинг ноябр ойида Қозоғистон ва Ўзбекистон ноёб ҳамда ноёб ер металларини геологик ўрганиш ва қазиб олиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олган. Шунингдек, тоғ-конь саноати соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Ушбу ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши 2026-йил апрел ойида Остонада бўлиб ўтган.

Teglar

Mavzuga oid