«Ушбу ташриф муҳим саҳифани очди» — Саида Мирзиёева Озарбойжон президентининг ташрифи ҳақида
Президент Администрацияси раҳбари Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари ва имзоланган Абадий дўстлик шартномаси юзасидан ўз муносабатини билдирди.
© Saida Mirziyoyeva Telegram kanaliЎзбекистон Республикаси Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Озарбойжон Президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи якунлари юзасидан муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, мазкур ташриф икки давлатнинг кўп қиррали алоқалари тарихида муҳим саҳифа очган. Бу ҳақда у ўзининг расмий Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
У олий мартабали меҳмонлар ва уларнинг оила аъзолари катта эҳтиром билан кутиб олинганини қайд этган. Мирзиёеванинг сўзларига кўра, икки мамлакатни ўзгача биродарлик ришталари боғлаб туради ва бу яқинлик нафақат расмий доираларда, балки халқларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибатида ҳам доим сезилиб туради.
«Тарихимиз, маданиятимиз ва анъаналаримиздаги муштараклик бугун инфратузилмадан то инвестицияларгача — кўплаб соҳалардаги янги қўшма лойиҳалар кўринишида янада бойимоқда», — дея ёзди у.
Муносабатда ташриф доирасида имзоланган асосий ҳужжатнинг аҳамиятига алоҳида урғу берилган.
«Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланди ва назаримда, ушбу ҳужжатнинг номиёқ бугун Ўзбекистон ҳамда Озарбойжонни боғлаб турган ришталарнинг туб моҳиятини аниқ ифодалайди», — дея ёзди Президент Администрацияси раҳбари.
Саида Мирзиёева озарбойжонлик меҳмонларни Ўзбекистонда кўришдан ҳар доим хурсанд эканини билдириб, «Ҳамиша бағрини очиб сизни қарши оладиган диёримизга хуш келибсиз, азиз қардошлар!» дея таъкидлаган.