add

Қурилишни вақтида топширмаган компаниялардан тўловлар ундирилиб берилди

Bugun 13:082 daqiqa

Қурилиш муддатлари бузилиши ортидан келиб чиққан низо Рақобат қўмитаси аралашуви билан фуқаролар фойдасига ҳал этилди.

Қурилишни вақтида топширмаган компаниялардан тўловлар ундирилиб берилди

Қурилиш соҳасида шартномалар бажарилмаслиги билан боғлиқ муаммолар сўнгги йилларда кўпайиб бораётган бир пайтда, навбатдаги шундай ҳолат давлат идораси аралашуви билан ижобий ечим топди. Фуқароларнинг мурожаати асосида қурилиш компанияси томонидан қайтарилмай келинган тўлов маблағлари тўлиқ ундириб берилди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати.

Қўмитага мурожаат қилган фуқаролар П.М. ва М.Ф. 2023 йилда “GRAND COMFORT BUILDING” МЧЖ билан “RABAD” савдо маркази қурилишида иштирок этиш мақсадида шартнома имзолаган. Шартнома шартларига кўра, объект 2025 йил февраль ойида фойдаланишга топширилиши лозим эди.

Бироқ белгиланган муддатга келиб қурилиш ишлари тўхтаб қолгани, савдо маркази топширилмаслиги аниқ бўлган. Шу сабабли фуқаролар 2025 йил август ойида шартномани бекор қилиш бўйича ариза билан мурожаат қилган, аммо тўланган маблағлар узоқ вақт давомида қайтарилмаган.

Бу ҳолат фуқароларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлиб, улар ўз ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоя қилиш учун Рақобат қўмитасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мурожаат Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар натижасида, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси талаблари бузилгани аниқланди. Мазкур моддага кўра, ижрочи ишларни шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда бажариши шарт.

Натижада қурилиш компанияси томонидан ҳар бир истеъмолчига 133 602 000 сўмдан, жами 267 204 000 сўм маблағ қайтариб берилди. Шу орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Рақобат қўмитаси билдиришича, қурилиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва шартномалар ижросини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилади.

Teglar

Mavzuga oid

Қурилишни вақтида топширмаган компаниялардан тўловлар ундирилиб берилди | Vaqt.uz