
Россияда ўзбекистонлик фурачилар учун 90 кунлик чеклов бекор қилиниши кутилмоқда
Элчи Ботиржон Асадов кутилаётган янги тартиб ҳақида маълумот берди.
Россия ҳукумати Ички ишлар вазирлигига ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиларига мамлакатда бир йилда 90 кун қолиш муддатини 180 кунга узайтириш бўйича топшириқ берган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов 17 январ куни бўлиб ўтган элчилар ва тадбиркорлар учрашувида маълум қилди.
Учрашувда экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлардан бири Ўзбекистон фуқаролари Россия ҳудудида визасиз 90 кун бўлиш ҳуқуқига эга экани ва шу муддатни юк машинаси ҳайдовчилари жуда тез тугатиб қўяётганини айтган.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, муддати тугаб қолган фура ҳайдовчилари Россияга кира олмаяпти ёки ушбу мамлакат ҳудудидагилар депортация қилинмоқда.
«Россия ҳукумати ҳозир Ички ишлар вазирлигига 90 кундан 180 кунга узайтириш бўйича топшириқ берган. Ҳозирги пайтда қонунга муддатни узайтириш бўйича ўзгартириш киритиш жараёни кетмоқда. Яқинда натижа бўлиши кутилмоқда», - деди Ботиржон Асадов.
Унга кўра, ушбу янги тартиб жорий 2026 йилда кучга кириши кутилмоқда. Элчининг таъкидлашича, Россия ҳудудида бўлиш муддати 3 ойдан 6 ойга узайтирилиши билан бир қаторда бошқа айрим янги талаблар қўйилади. Хусусан, белгиланган ҳужжатларни тақдим этиш шартлари киритилади.





